Фермер хўжалигининг ҳуқуқи тикланди
Пайариқ туманида жойлашган “Nassar M Bussines” фермер хўжалиги узумчилик ва боғдорчиликка ихтисослашган. Шунингдек, хўжалик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот тарзида бозорга олиб чиқади.
Туманнинг “Ширин соҳибкор” қишлоғида 37 гектар лалми ер майдонининг 17 гектарида етиштирилаётган уч хил турдаги узум, хориждан олиб келинган серҳосил ёнғоқ ва бошқа турдаги мевали дарахтлар ҳосилга кириб, улардан тайёрланаётган маҳсулотлар бугунги кунда чет элга ҳам экспорт қилинмоқда.
Пайариқ туман адлия бўлимига келиб тушган навбатдаги мурожаат мазкур фермер хўжалигининг бир неча ойлардан буён сарсон бўлаётгани билан боғлиқ. Хўжалик масъуллари амалиётдаги қонунчиликларда мавжуд бўлган бир-бирига зид нормалар сабаб фермер хўжалиги раисини ўзгартиш масаласида масъуллар эшиги олдида анча сарғайган. Фойдасиз расмиятчиликлардан чарчагач, “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси доирасида адлия идорасига мурожаат қилди.
Муаммо адлия ходимлари аралашуви билан бартараф этилди. Туман давлат хизматлари маркази мутахассислари хўжаликнинг ўзида сайёр давлат хизмати кўрсатиб, муаммога қонуний ечим топди.
Сиз билан бизга оддий бўлиб туюлаётган мазкур муаммо маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаб, ўз йўналишида кенгайиб бораётган бир тадбиркорлик субъекти учун навбатдаги эшикларни очиб берди.