Фермерларга солиқдан имтиёз бор, лекин ундан фойдаланиш учун бирорта ариза келиб тушмаган

2023 йил 1 апрелдан бошлаб 2024 йил 1 майга қадар фермер хўжаликларида ишловчи ходимлар учун тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси давлат бюджетидан иш берувчиларга тўлиқ қайтариб берилиши амалиёти жорий этилди.

Иш берувчи қуйидаги амалиётни бажариши зарур:

Биринчидан, My3.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетга электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида кириб, кетма-кетликда «Хизматлар» – “Электрон ҳужжатлар айланиши” – “Пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари ишчиларининг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қайтариш” бўлимлари танланади.

Шундан сўнг очилган ойнада иш берувчи ҳақидаги маълумотлар (корхона номи, СТИР, манзили ва фаолият тури) автоматик шаклланади.

Кейин жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини қайтариш сўралаётган давр кўрсатилади.

Масалан, июнь ойи учун солиқ ҳисоботи 2023 йил 15 июлда топширилган. Бунда фермер хўжалик ҳисоб рақамига ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25 санасидан кейин тўлиқ миқдорда қайтариш мумкин.

Тегишли саналар киритилгач, фермер хўжаликлар ходимлари рўйхати ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси автоматик тарзда шаклланади.

Маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилигини, хусусан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси, миқдори ва юридик шахснинг банк реквизитлари - пул маблағлари қайтариладиган ҳисоб рақами текширилади.

Амалиёт якунлангач, “Ариза шакллантириш” тугмаси босилади. Сўнгра ариза ва унинг иловаси шаклланади.

Киритилган маълумотларнинг тўғрилигига яна бир бор ишонч ҳосил қилингач, “Аризани юбориш” тугмаси босилади.

Маълумот учун, ариза 5 иш кунида ўрганиб чиқилади. Тақдим этилган ариза барча талабларга жавоб берса, 1 иш куни ичида шакллантириладиган солиқ органларининг тегишли хулосаси билан бирга Молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначиликка юборилади.

Ходимлар учун тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини қайтариш тартиби пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги ўтган йил якуни бўйича Солиқ кодексининг 57-моддаси талабларига жавоб берган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Қайд этиш лозим, ушбу имтиёздан фойдаланиш юзасидан Самарқанд вилоятида бугунги кунга қадар мурожаатлар келиб тушмаган.

Вилоят солиқ бошқармаси маълумотлари асосида Ёқубжон Марқаев тайёрлади.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.