Фестиваль: “Мардлик, жасорат ва садоқат”

14 январ — Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ватанпарварлик ойлиги муносабати билан Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида шу шиор остида фестиваль бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тадбир ёшларда ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, ҳарбий хизматга қизиқишни уйғотиш ҳамда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фестиваль доирасида Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари томонидан қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва махсус воситалар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, ҳарбий хизмат жараёнига оид амалий намойишлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Йигит-қизлар ҳарбийлар билан бевосита мулоқот қилиб, хизмат шароити, ҳарбий касбнинг афзалликлари ҳамда Ватан ҳимоячисининг масъулияти ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.

Мазкур фестивалнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев иштирок этиб, бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ёш авлодни Ватанга муҳаббат, ҳарбий ватанпарварлик ва фаол фуқаролик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади. У ўз сўзида ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаоллиги ва келажак учун масъулиятини оширишда бундай тадбирлар самарали эканини қайд этди.

Фестиваль доирасида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ҳамда уч авлод - фахрийлар, бугунги кун ҳарбий хизматчилари ва ёшлар иштирокида маънавий-маърифий мулоқотлар ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад ёшлар қалбида Ватанга садоқат, фидойилик ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлаш, бой ҳаётий тажриба ва сабоқларни авлоддан-авлодга етказишдан иборат бўлди.

Тадбирда вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Дилфуза Азизова, Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари, фахрийлар ҳамда соҳа мутахассислари фаол иштирок этиб, ёшлар билан самимий ва очиқ мулоқот олиб бордилар. Учрашувлар жараёнида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олиб, келажак режалари борасида қимматли тавсияларга эга бўлдилар.

Жадидчилик асосчиларидан бўлган Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўриниши тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Чарос САИДОВА.