Фирибгар судланувчилар кўпайди, қўшмачилик камайди
Самарқанд вилоят судлари томонидан 2022 йил давомида одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида бу ҳақда аниқ рақамлар айтилди.
Хусусан, ҳисобот даврида вилоят, туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 5918 нафар шахсга нисбатан 4706 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Шундан 3463 та иш бўйича 4577 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилди. Тамомланган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 797 тага ёки 16,9 фоизга кўпайган.
- Ишлар сони кўпайгани биринчи навбатда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ошиб бораётгани билан бевосита боғлиқ, - дейди вилоят суди раиси О.Ҳайитов. – Ўтган йили судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари бўйича 654 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинди. Вилоят судларининг барча инстанцияларида 16 та жиноят иши бўйича 17 нафар шахс оқланди.
Бундан ташқари, 1196 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан тугатилиб, 1271 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинди.
Шу билан бирга, давлат томонидан кўрсатилган инсонпарварликни тўғри тушунмай, белгиланган тартибларни бузганлиги учун 340 нафар шахсга нисбатан тайинланган жазолар оғирроғига алмаштирилди. Амалдаги тартибларни бузганлиги учун озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган 219 нафар шахснинг жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Қайд этилишича, ўтган йил давомида Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан судланганлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 218 нафарга, ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан судланганлар 296 нафарга, ЖКнинг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан судланганлар 215 нафарга кўпайган.
Шунингдек, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш, қасддан баданга ўртача оғир ва ўртача енгил шикаст етказиш билан боғлиқ ишлар билан судланганлар сони камайган.
Матбуот анжумани давомида вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев, вилоят суди раисининг ўринбосарлари - жиноят, фуқаролик ва иқтисодий судлов ҳайъатлари раисларининг ҳам ҳисоботлари тингланди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.