Фойдали нарсадан фойдаланмаслик – зарар

Баъзан бир воқеа бошқасини ёдга солади.

Самарқанд шаҳрига яқин бўлган Сочак қишлоғиданман. Мен туғилган вақтлар Сочак майизининг донғи етти иқлимга етган. Деҳқонлар узумдан гектарига 350-400 центнердан ҳосил олишган. Уларнинг 8 нафари меҳнат қаҳрамони бўлган.

Ўрта мактабда ўқиб юрган вақтларим, яъни 45-46 йиллар илгари, тумандаги “Шарқ тонги” газетасининг штатсиз мухбири сифатида токдан мўл ҳосил олиш сири ҳақида мақола ёзганим эсимда. Ўшанда кекса деҳқонлар билан суҳбатлашгандим. Ток кундаси обдан очилиб, атрофи икки кетмон чуқурликда ағдарилиши ва илдизига борадиган қилиб, эски девор кесагига аралаштирган ҳолда маҳаллий ўғитни жуякларга қалин қилиб тўкиб чиқилиши мўл ҳосил гарови эканини айтишганди улар. Маҳаллий ўғит эса асосан от аравада, шаҳардан ташиб келинар, бунинг учун қишлоқдагилар қишда шаҳар маҳаллаларига бориб, аҳоли ҳожатхоналарини ким тозалаб олишини белгилаб келишаркан.

Шаҳар ҳовлиларидаги ҳожатхоналар ахлатини экин майдонларига чиқариш бўйича йигирма йиллар илгари яхши бир тизим ишлаб чиқилганди. Ўшанда эпидемик касалликлар бўлмагани учун бу ишга санитар назорат идоралари ходимлари масъул этиб белгиланиб, махсус санитар тозалаш машиналари – ассенизаторлар карвони яқин туманларнинг ғалла ва пахта майдонларини яшнатиш учун йўлга чиқар, уларнинг тинимсиз қатнови одатий ҳолга айланганди.

Энди бу воқеалар нега ёдимга тушганини айтай.

Аввало гапимни олиб борилаётган хайрли ишлардан бошласам. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги 322-сон қарорига асосан Самарқанд шаҳри ҳудудидаги каналлар ва коллектор-дренаж тармоқларидан фойдаланиш бўйича ихтисослашган бўлим ташкил этилди. Бу билан ниҳоят шаҳардаги табиий сув тармоқлари атрофларини ободонлаштириш ишлари экология ва санитария қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқ амалга оширилиши йўлга қўйиладиган бўлди.

Самарқанд шаҳрида жами 6 та (Боғишамол, Сиёбча, Шаар, Чашма, Жар ариқ, Оби Раҳмат ва Оби Машҳад) канал ва коллекторлар мавжуд бўлиб, улар шаҳарнинг 98 та маҳалла ҳудудидан 65 километр узунликда оқиб ўтади.

Узоқ йиллар давомида табиий сув тармоқлари муҳофаза зонасини сақлаш бўйича етарли назорат ўрнатилмагани ушбу ариқлар атрофида турли қурилмалар бунёд этилишига, ҳатто айрим бино ва иншоотлар ариқлар устида қурилгани сув йўлининг тўсилишига, каналларнинг ўтказувчанлик сиғимининг торайиб, натижада кўплаб фуқаро хонадонларининг сув босишига олиб келганди. Айни вақтда канал ва коллекторлар муҳофаза зонасини тиклаш бўйича сезиларли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, қоидага зид қурилишлар бузилиб, қонунга бўйсунмаганларга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди қарори асосида жавобгарларга тегишли чоралар қўлланилмоқда.

Оқсарой фуқаролар йиғини раиси Фазилат опа Ёрқулова билан Рудакий номли 5-тор кўчанинг Сиёбча канали ёқасида жойлашган ҳовлисини кўздан кечиряпмиз. Каналнинг нариги томони Ёшлик маҳалласига тегишли. Ҳовлилардаги ҳожатхоналар канал ёқасидан кўчирилган. Қирғоқ бўйлаб ҳар  икки томоннинг маълум қисмида техникалар ёрдамида тозалаш ишларини олиб бориш учун имконият яратилган. Ҳар бир хонадон эгасига оқава сувларини каналга оқизмаслик, қирғоқлар бўйи обод бўлса, оила аъзолари дам оладиган жойга айланиши, насиб бўлса, шаҳарнинг ҳар бир ариғида тоза сув оқишига эришиш бўйича чоралар кўрилаётгани ҳақида тушунтириш берарканмиз, дарҳақиқат Сиёбча канали сувининг олдингига нисбатан анча тоза бўлиб қолгани диққатимни тортди ва унга атрофдагиларнинг ҳам эътиборини қаратдим.

- Кошки ҳамиша шундай оқса, - деди ҳовлилардан бирининг соҳиби Ҳикмат ака Ризаев. – Оқава қўшиладими сувга, кунида икки-уч бор сув шундай қорайиб оқадики, ранги майли, ҳидига чидаб бўлмайди.

Бир неча кун олдин шаҳар ободончилик бошқармаси мутасаддиси Нуриддин Салихов ҳам Сиёбча канали муаммоси ҳақида фикр билдирганда шунга ўхшаш гапни қилганди.

Отахоннинг  гапини қўшнилар ҳам тасдиқлагани учун масалани орқага сурмаслик мақсадида шаҳар оқава тармоғига масъул бўлган “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ раҳбари Комил Юсуповга сим қоқдим. Қаерда турганимизни сўраб, ўзи ҳам яқин атрофда эканми, ҳозироқ ҳузуримизда бўлишини  айтди.

- Сиёбча каналига оқава сувлари қўшилмайди, - деди ишонч билан МЧЖ раҳбари. - Лекин канал сувининг ифлосланиш сабабини билсам керак. Тахминимча, бу ассенизатор ҳайдовчиларининг иши. Илгари улар ҳожатхона ахлатини оқава қудуғига ташлашган. Биз бунга чек қўйганимиздан кейин, улар ноилож, яқин атрофдан жой излашгани аниқ.

- Бу ўшаларнинг иши, - деди ёнимда турганлардан бири. – Эрта тонгда ёки қоронғу тушганда қилишади.

Ана шунда ассенизатор машиналарининг қатор бўлиб, туманларга йўл олганини эсладим. Ҳозир бундай машиналарнинг шаҳарда юрганини кўриб қоламан. Деярли барчаси хусусийлаштирилган. Лекин калонна бўлиб қаергадир боришаётганига анча йиллардан буён кўзим тушмаган.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ.