Фарғоналик эркак норасмий хотини билан бирга ўз аёли ва 2 боласини тириклайин каналга ташлаб юборди (видео)

Фарғонада 29 ёшли эркак шаръий никоҳдаги хотини билан келишиб, ҳали қонунан ажрашмаган рафиқаси ва икки нафар фарзандини Катта Фарғона каналига ташлаб юборди. Бу ҳақда MY5 телеканалининг «Марказий студия» кўрсатувида маълум қилинди.

Қайд этилишича, эркак ва аёлни бундай қотилликка қўл уришга 22 миллион сўмлик алимент пули мажбур қилган.

29 ёшли Лазиз Ҳайдаров биринчи хотини билан 2011 йилда турмуш қурган ҳамда 2013 йилда ажрашган. Уларнинг икки нафар фарзанди бор эди. Ажримдан сўнг Лазиз Ҳайдаровга вояга етмаган фарзандлари учун алимент тўлаш мажбурияти юкланган. Бироқ у бир неча йиллар мобайнида оталик бурчини бажармаган, алимент қарзи эса 22 миллиондан ошиб кетган.

2019 йилнинг апрель ойида алимент масаласи Бағдод туман маъмурий ишлар бўйича судида кўриб чиқилди ҳамда Лазиз Ҳайдаровга 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Биринчи турмуш ўртоғининг «Алиментларни олдим» мазмунидаги тилхати асосида маъмурий қамоқдан озод этилган Лазиз Ҳайдаров бу орада Гулсанам Қодирова билан шаръий никоҳда яшаб келаётган эди.

Суд ҳукми билан Лазиз Ҳайдаров 19 йилга, Гулсанам Қодирова эса 13 йилга озодликдан маҳрум этилди.