Францияда қурғоқчилик туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Франциянинг 78 департаментида сувдан фойдаланиш чекловлари ва қурғоқчилик туфайли фавқулодда ҳолат режими жорий этилди, деб хабар бермоқда мамлакат Атроф-муҳитни яхшилаш вазирлиги.

Аввалроқ Франциянинг 93 та департаменти қурғоқчилик туфайли сувдан фойдаланишга чекловлар киритган эди. Ушбу ҳудудларда сувдан фақат ичимлик, тиббий, фуқаролар хавфсизлиги ва санитария мақсадларида фойдаланишга рухсат берилади.

 Сувдан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланишга йўл қўйилмайди, шунингдек, автомашиналарни ювиш, шахсий ҳовузларни сув билан тўлдириш ҳам тақиқланади.

Францияда бу ёзда аллақачон бир неча жазирама кузатилган, ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошган. Юқори ҳарорат туфайли юзага келган қурғоқчилик ортидан июль ойида бутун республика бўйлаб сувдан фойдаланишга чекловлар жорий этилган эди.