Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фуқаро ва масъуллар ўртасида сарсон бўлган 101-шартнома

Мен оғир ижтимоий шароитда яшаётганлигим, уй-жойга муҳтожлигим туфайли ҳокимликлар, турли ваколатли идораларга шу масалада ёрдам сўраб мурожаат қилгандим. Ниҳоят 2022 йилда менга Ургут тумани ҳокимлиги субсидия асосида уй-жой олишим учун 1718/236-164127-сонли хабарнома берди ва «Уй-жой битгандан сўнг ўзимиз сизни чақирамиз», дейишди.

Улар чақирмагач, сентябрь ойида ўзим борсам, «Дунё қурилиш строй» МЧЖга бориб учрашишимни айтишди. Қурилиш корхонаси масъуллари пастки қаватлар сотиб бўлинганлиги, юқори қаватлар бирмунча арзонроқлиги ва ўша қаватлардан уй борлигини айтишди. Начора, юқори қават бўлса ҳам уй дедим-да, улар билан 2022 йил 26 сентябрда хонадон учун дастлабки 101-шартномани туздик.

Улар қурилиш-монтаж ишлари тугагандан сўнг чақиришини айтишди, мен келишув асосида 14 миллион сўм дастлабки бадални тўладим. Лекин қурувчилар сўзида турмади. Уй битгач, бошқа кишига сотиш пайига тушди. Қурилиш корхонаси масъуллари 2023 йил 20 августда мени чақириб, «Сизга энди қурилиши бошланаётган бошқа уйдан берамиз, 101-шартномани бузамиз», дейишди.

Шундан сўнг вилоят ҳокимига, Президент ишонч телефонига мурожаат қилдим. Мурожаатимга 2023 йил 15 сентябрда Ургут тумани ҳокимлигидан келган жавоб хатида дастлабки шартнома ўз кучида қолганлиги ва келишилган нархда ўша уйни олишим билдирилган. «Дунё қурилиш строй» МЧЖ директори А.Очиловнинг жавоб хатида мен билан 8-қаватдаги 47-хонадон бўйича шартнома тузилганлиги ва ҳужжат ўз кучида эканлиги, хонадонда монтаж ва пардозлаш ишлари якунлангач, кўчиб киришим мумкинлиги қайд этилган.

Вақт ўтиб, уй ҳам битди, пардозлаш ишлари ҳам якунланди. Аммо қурилиш корхонаси раҳбарлари ва туман ҳокимлиги қурилиш масъуллари 101-шартномани бекор қилишяпти.

Ўзи икки йилдан буён уй-жой муаммоси тугамаяпти. Қурувчи, ҳатто ҳокимлик берган ваъда, юқорига жўнатган маълумотларига ҳам ишониб бўлмай қолди. Мен яна кимга мурожаат қилишим керак? Уйни яна қанча кутаман?

Зулайҳо Шомуродова,
Ургут тумани Сўфиён маҳалласи.