Фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ тузилади
“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан ишчи гуруҳ тузилади. Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) навбатдаги сайлови эълон қилинганидан кейин ишчи гуруҳ ўз фаолиятини тугатади.
Ишчи гуруҳ таркибига, қоида тариқасида, фуқаролар йиғинининг, тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг депутати киритилади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини органларининг бошқа ходимлари, шунингдек фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларнинг, фуқаролар йиғини органлари бошқа ходимларининг яқин қариндошлари ишчи гуруҳ таркибига киритилиши мумкин эмас.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар ишчи гуруҳга аъзо шахслар ёхуд уларнинг яқин қариндошлари орасидан кўрсатилган тақдирда, улар ишчи гуруҳ таркибидан чиқарилади.