Фуқаролиги йўқ киши қачон ва қандай тартибда паспорт олади?
- Фуқаролиги йўқ шахсларга паспорт бериш тартиблари ҳақида билмоқчи эдим. Бу қандай амалга оширилади, фуқародан қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
Айни пайтда юртимизда карантин давом этяпти. Пандемия шароитида фуқароларга паспорт бериш тўхтатилгани йўқми?
Нилуфар Муродова,
Самарқанд шаҳри.
- Фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиши учун ҳудудий миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасига асосан қуйидагиларни илова қилган ҳолда мурожаат қилиши лозим. Булар:
- чет эл фуқаролигидан воз кечиш;
- сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаганлик;
- қонуний тирикчилик манбаларининг мавжудлиги.
Бундан ташқари, юқорида таъкидланган қонуннинг 6-моддасига биноан “1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади” деб кўрсатилган.
Шу сабабли, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида” янги таҳрирдаги қонунининг 6-моддаси (2020 йил 1 апрелдан кучга кирган) таъсирига тушадиган, яъни 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий рўйхатдан ўтган фуқаролиги бўлмаган шахслар ариза, сўровнома, фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси, никоҳ тузилганлиги ёки никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, аризачининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганлиги ҳақидаги маълумотнома (ўзгаришлар мавжуд бўлса), давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатни илова қилган ҳолда ҳудудий миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат этишлари мумкин.
Кейинги саволингизга келсак, бугунги кунда вилоят ИИБ Миграция хизмати ва унинг қуйи тизимлари томонидан фуқароларни биометрик ва хорижга чиқиш биометрик паспортлари билан ҳужжатлаштириш, 16 ёшга тўлиб, биринчи маротаба паспорт олиш учун мурожаат этган фуқароларни биометрик паспорт билан ҳужжатлаштириш ҳамда фуқароликка қабул қилиш каби ишлар вилоятимиздаги барча туман, шаҳарларда пандемия қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда.
Самарқанд вилоят ИИБ Миграция хизмати.