Футбол, U-17 - Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Панамага қарши: Ғалаба ёки дуранг плей-офф йўлини очади

Бугун гуруҳ босқичидаги сўнгги учрашувда Ўзбекистон U-17 термаси Панама ёшларига қарши майдонга тушади.

Хўш, бу ўйин натижасида бизни нима кутмоқда?

Ғалаба. Бизни 100 фоиз гуруҳдан олиб чиқади. Ёки 1, ёки 2, ёки 3-ўрин билан. Ҳа, биз ҳатто ғалаба қозонсак ҳам, 6 очко билан гуруҳда 3-ўринни олишимиз мумкин. Бунинг учун Парагвай Ирландияни 3:2, 4:3 каби ҳисоблар билан ютиши керак бўлади.

Дуранг. Бизни 100 фоиз гуруҳдан олиб чиқади. Ёки 2, ёки 3-ўрин билан. Парагвай дуранг ўйнаса ёки ютқазса, 2-ўринни оламиз. Агар Парагвай ютса, унда энг яхши натижа кўрсатган 3-ўрин сифатида плей-офф босқичига чиқамиз. Чунки 8 та гуруҳда барча ўйинлар тугаб бўлди ва 6 та гуруҳдаги 3-ўринни жамоалар 4 очкодан кам тўплаган. Бу дегани, дуранг бизни 100 фоиз гуруҳдан олиб чиқади, лекин кейинги босқичда кучлироқ рақибга рўбарў бўлишимиз мумкин.

Мағлубият. Аҳволимиз оғирлашади, лекин назарий жиҳатдан ёки 2, ёки 3-ўрин билан гуруҳдан чиқишимиз ҳам мумкин. Бу Парагвай-Ирландия ўйинига боғлиқ бўлади. Агар Парагвай ютқазса, бизда имкон бўлади, агар дуранг ёки ғалаба қозонса, унда биз гуруҳда 4-ўрин билан турнирни тарк этамиз.

Ўйин Тошкент вақти билан соат 18:30 да бошланади.

Йигитларимизга омад!