Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Футбол ва эркин кураш бўйича ДХХ кубогининг кейинги босқич ғолиблари аниқланди

Самарқандда футбол ва мини-футбол бўйича “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақасининг шаҳар ва туман босқичи бўлиб ўтди.

Мусобақанинг Самарқанд шаҳар босқичида 4 та сектордаги маҳаллалар жамоалари ғолиблик учун курашди.
Кубок ўйинларининг Самарқанд шаҳар босқичида Мақсуд Шайхзода ва Аҳмад Яссавий маҳаллалари ёшлари биринчилик учун майдонга чиқди. Қизиқарли кечган учрашувда Аҳмад Яссавий маҳалласи ёшлари пенальтилар сериясида ғалаба қозониб, биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Мақсуд Шайхзода маҳалласи ёшларига насиб этган бўлса, учинчи ўринни Гала Осиё маҳалласи футболчилари эгаллади.

Шунингдек, "Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!" шиори остидаги ҳарбий ватанпарварлик тадбири доирасида мини-футбол бўйича “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақасининг ўғил болалар ўртасидаги баҳсида биринчи ўринни Ўрта Хўжасоат маҳалласи ёшлари қўлга киритди. Иккинчи ўрин Ёшлар маҳалласи футболчиларига, учинчи ўрин эса Маданият маҳалласи жамоасига насиб этди.
Қизлар ўртасидаги мини-футбол беллашувларида биринчи ўринни “Шодиёна” маҳалласи жамоаси банд қилди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Ҳофиз Шерозий ҳамда Шукрона маҳалласи футболчи қизлари эгаллади.
Ғолиблар мусобақанинг вилоят босқичида иштирок этади.

***

“Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” доирасида эркин кураш бўйича эркаклар ўртасида иккинчи ҳудуд босқичи мусобақаси ўтказилди.
Унда давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилояти бошқармалари ҳарбий хизматчилари 6 та вазн тоифасида ўзаро бел олишди.
Гиламдаги ҳар бир кураш қизиқарли, муросасиз баҳсларга бой бўлди. Беллашувларни енгил вазндаги полвонлар бошлаб берди. 57 килограм вазн тоифасида Шердорбек Тангиров, 65 килограмда Отабек Бойқулов, 74 килограмда Бунёд Турсунов, 86 килограмда Достон Холиқулов, 97 килограмда Назарбек Рамазонов, энг оғир вазн 125 килограмда Санжар Неъматов биринчи ўринни қўлга киритди.
Энди ғолиблар "Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги" мусобақасининг республика финал босқичида иштирок этади.