ФВБ ходими пора билан қўлга тушди 

ДXX Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси туман бўлимларининг бирида бўлинма бошлиғи лавозимида ишловчи катта лейтенант “К.Н.”нинг жиноий фаолиятига чек қўйилди.

Маълум бўлишича, республикамизда юзага келган электр энергияси ва ёнилғи танқислигининг олдини олиш учун ишчи гуруҳ тузилиб, нарх-наволар назоратга олинган. Ушбу вазиятда ФВБ ходими маҳаллий тадбиркордан фавқулодда вазиятлар ва ёнғин хавфсизлиги юзасидан ўтказилаётган текширувларни ижобий ҳал қилиб бериш эвазига доимий равишда, шахсий автомобилига ёқилғи қуйдириб, пул маблағларини пора тариқасида олиб келган.

Жорий йилнинг 28 январь куни “К.Н.” тадбиркордан 1 миллион сўм миқдоридаги пул маблағини пора сифатида олаётган вақтида қўлга олинган. 

Ҳозирда ходим “Н.К.”га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.