G20 глобал солиқ жорий этишни назарда тутувчи лойиҳани қўллаб-қувватлади
G20 мамлакатлари ҳукумат раҳбарлари ва етакчилари солиққа тортишнинг умумий қоидаларини келишиб олди. Римда бўлиб ўтган саммит иштирокчилари корпорациялар даромадидан минимал 15 фоиз глобал солиқ жорий этишни назарда тутувчи лойиҳани қўллаб-қувватлади. Вашингтон бу солиқ имтиёзлари пойгасига чек қўйилишига умид қилмоқда.
Пандемияга қарши кураш форумнинг яна бир асосий мавзуси бўлди. Саммит дунёнинг кам таъминланган мамлакатлари учун кўпроқ вакциналар етказиш чақириқлари билан очилди.
«Биз 2021 йил охиригача дунё аҳолисининг 40 фоизини эмлаш бўйича ЖССТ мақсадига эришишга яқинмиз. Эмлаш ишларини 2022 йилнинг ўрталарига қадар 70 фоизга етказиш учун қўлимиздан келганини қилишимиз керак», деди Италия Бош вазири Марио Драги.
Хитой Халқ Республикаси ва Россия етакчилари Си Цзиньпин ва Владимир Путин видеоалоқа орқали дунё ҳамжамиятини COVID-19 га қарши турли вакциналарни ўзаро тан олиш бўйича келишиб олишга чақирди. Путиннинг баёнотида “Спутник V” препаратини ЖССТ ва Европа дори воситалари агентлигида рўйхатдан ўтказиш масаласи узоқ кўриб чиқилаётгани фонида янгради.
Ахборот агентликларининг таъкидлашича, иқлим бўйича музокаралар анча мураккаб бўлди. Якуний ҳужжат Ердаги ўртача йиллик ҳароратнинг 1,5 даражадан ошишига йўл қўймаслик бўйича умумий тавсияларни ўз ичига олади. Муайян мажбуриятлар ва углерод нейтраллиги бўйича муддатларни келишишда муаммолар юзага келди.