«Гап-гаштак» нима? Вақт ўғрисими, «касса» ўрнини ўтайдиган тадбирми, дийдорми ё ақлли одамлар анжумани?..

Очиғи, бундай тадбирларга ўрганиб қолдик. Илгари қариялар, ёшлар ёки бирор касб эгалари ўзаро суҳбат қилишарди. Энди эса бу улфатчиликнинг ижтимоий тоифалари пайдо бўлди: овсинлар, таксичилар ва ҳоказо… Буниси ҳам етмаганидек, бу хилдаги тадбирларнинг ташкилотчилари, яъни кайвонилари шаклланди.

Бир куни денг, ноқулай вазиятга дуч келиб қолдим. Ошхонага кирганимда ёши катта бир одам рўпарасидаги тенгдошига дашном беряпти.

- Ҳой, ландовур, соат 12:00 да деб келишганмиз. Ўқувчилигингда ҳам тартибсиз эдинг, ҳозир ҳам кечикиб келяпсан. Уддалай олмас экансан, бола-чақангнинг олдида ўтиравермайсанми?

Ҳалиги одам бечора қимтиниб-уялиб, даврага қўшилди. Бундай англасам, гапирган одам давранинг кайвониси экан. У бошқа столларга эътибор қилмасдан даврасида яна гап бошлади.

- Хўш, энди бундай қиламиз. Гаштакни ҳар ойда эмас, 15 кунда бир ўтказамиз. Тўпланадиган пул миқдорини ҳам бир баравар ошириб, 500 минг сўм қиламиз. Тадбиримизни доимо мана шу ерда ўтказишни таклиф қиламан. Уйдаги гаштак ортиқча ташвиш: супур-сидир, қозон-товоқ, бола-чақа ҳам безовта бўлади.

Алишер Равшанов деган ҳамқишлоғим бор. Бу акамиз бир умр деҳқончилик билан шуғулланган. Бир этак бола-чақа билан яшайди ва 25 сотих ерда токчилик билан шуғулланади. Узум етиштиради, майиз қуритади, ниҳол сотади, шу ерда йил бўйи бошқа экинлар ҳам экиб, ҳосил олади. Оила аъзолари орасида талабаси ҳам, ўқувчиси ҳам бор. Ҳар ойда бир тўпланишса, чинакам гаштак бўлади. Суҳбатлари ҳам ердан фойдаланиш, даромад олиш, топилган пулни оқилона сарфлаш ҳақида боради. Гоҳида бундай давраларга бир-икки нафар дўст-биродари ёки қудаларини ҳам чорлашади.

Демоқчиманки, ҳозирги жамиятда дилдан суҳбатлашиш, дийдорлашиш, қувончу ташвишни баҳам кўриш учун, албатта, давралар керак. Негаки, қишлоқ жойларида тўпланишнинг тўй-маъракадан бошқа имконияти йўқ. Лекин ресторанлардаги аҳволни кўриб, бундай давралардан воз кечгим келади. Кексалар, аёллар ўтирган столга ҳам спиртли ичимликлар қўйилади. Давранинг ўрталаридан кейин пичинглару ғийбатлар бошланади. Табиийки, бу ҳолат болаларнинг қулоғига етади ёки улар бу ҳолни ўз кўзи билан кўришади. Камина гаштаклар «вақт ўғриси»гина эмас, деганда унинг ана шундай маънавий зарарини ўйлаган эдим. Баъзан «Дугона, бугун шаҳар бориб келамиз, аям уйда бўлмайди, гаштакка кетган», деган гапларни эшитяпмиз.

- Биз ҳар 15 кунда «Дамас» ҳайдовчилари билан гаштак ўйнаймиз, - дейди танишим. - 400 минг сўмдан ўртага пул ташлаймиз ва тадбир ўтказувчининг қўлига берамиз. Тўғриси, гаштак «касса» вазифасини ўтайди. Уни фақат уйда қиламиз. Дастурхонни ҳам жуда безатиб юбормаймиз.

Хуллас, бу тадбир оммалашиб кетяпти. Суҳбат бўладими, «касса» ўрнини ўтайдими, дийдор бўладими, ақлли одамларнинг анжуманлари, авваламбор, ўзларига завқ ва маъно бериши, атрофидагиларга ва фарзандларга ибрат бўлиши зарур. Гаштакчилар ана шу қоидани унутмаса бас.

Ҳусниддин Холдоров.