Газ чақнаши ва ис гази хавфининг қандай олдини олиш мумкин?
Самарқанд шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими фуқароларга ёнғин, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида қатор маслаҳатларни тақдим этди. Улар қуйидагича:
- Ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланмаслик;
- Электр хўжалигида ортиқча юкланиш ва электр симларнинг қисқа туташувидан содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш лозимлиги сабабли сифат сертификатига эга ҳимоя сақлагичларидан (автоматлардан) фойдаланиш;
- Иситиш печларининг дудбуронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришиш;
- Иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юбормаслик;
- Газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширмаслик;
- Газ таъминоти идоралари мутахассисларини жалб этган ҳолда, газ жиҳозларини тафтишдан ўтказиб, уларга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этиш;
- Газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилиш;
- Ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритмаслик;
- Газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланиш ва уларнинг доимий созлигига эътибор бериш.