Газ тармоғига ноқонуний уланган "заправка" фош этилди
Кунлар совигач, юртдошларимизнинг иситиш манбаларига бўлган эҳтиёжи кескин ортиши ҳисобига айрим чекка ҳудудларга табиий ёки суюлтирилган газ мунтазам етиб бормай қолиши, оқибатда юзлаб оилалар иситиш тармоғидан узилиб қолиши мумкин.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун эса масъул идора ва ташкилотлар томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилиб, барча юртдошларимизни табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлашга ҳаракат қилинаётган бир вақтда айрим “учар”лар “Ўзингни бил, ўзгага тупур” қабилида иш тутмоқда. Улар қонунларни менсимасдан, давлат ресурсларидан ноқонуний фойдаланишдан ҳам тоймаяпти.
Ана шундай “тадбиркор”лардан бири Булунғур туманидаги Янгиариқ маҳалласида жойлашган “Евро Сам инвест” МЧЖга қарашли АГТКШ бўлиб, улар белгиланган чекловдан ташқари ўзбошимчалик билан ҳисоблагичга ўрнатилган "пломба"ни узиб фойдаланган. Ваҳоланки, "заправка" олдиндан 155,6 млн сўм миқдорида қарздорлиги мавжуд бўлганлиги аниқланиб, тегишли тартибда тармоқдан узилган.
Қизиқ, моддий манфаат деса, виждонини ҳам пуллаб юборишдан тоймайдиган бу каби кимсаларнинг бири икки бўлмаслиги, ҳалол луқма топиш ўрнига давлатнинг ва бу орқали бутун халқнинг ҳақига хиёнат қилишнинг охири ижобий якунланмаслигини наҳот ўйлаб кўришмайди. Наҳот, нафс кўзларини кўр қилганларнинг тақдири ҳам ўрнак бўлмаса уларга?!