Гендер тенгликка эришиш стратегияси лойиҳаси давлат ва нодавлат ташкилотлар билан келишилмоқда

Кеча, 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг видеоконференцалоқа тарзида йиғилиши бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенати Раиси, Республика Гендер комиссияси раиси Танзила Норбоева олиб борган йиғилишда сенаторлар, комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг 2020 йил биринчи ярим йилликда амалга оширган ишлари, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика марказининг жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомидаги фаолияти диққат-марказида бўлди.

Таъкидланганидек, 2020 йилнинг январь-июнь ойлари давомида Комиссия томонидан гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар олиб борилган. Жумладан, Қонун ҳужжатлари хотин-қизларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ҳуқуқлари камситилишига оид стандартларга мослиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилинди.

Мамлакатимизда қабул қилиниши кўзда тутилган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг гендер ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилиши бўйича Низом Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди. Барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари ташкил этилди. Уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозирда ушбу стратегия давлат ва нодавлат ташкилотлари билан келишилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш борасида салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтган икки йил ичида хотин-қизлар сафидан сенатор ва депутатлар, вазир ва идоралар раҳбарлари, элчи ва ҳокимлар чиққанлиги, уларнинг юқори даражаларда қарорлар қабул қилиш имкониятига эга бўлаётганлигидан далолатдир.

Комиссия аъзолари хотин-қизлар бандлиги масалаларини ҳам муҳокама қилиб, ушбу йўналишда мамлакат Президенти томонидан 14 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар доирасида бажариладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш мурожаатига жавобан коронавирус пандемияси даврида комиссия ва “ННТлар бирлашмаси” билан ҳамкорликда “Ишонч телефони”, “Телеграм” ижтимоий тармоғида “Зўравонликка йўл йўқ!” каналининг фаолияти йўлга қўйилди. “Карантинни қандай ўтказяпмиз?” номли видеороликлар танлови ўтказилди.

Йиғилишда Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, улар томонидан тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатишда айрим муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинаётгани ҳам танқидий муҳокама қилинди ва ушбу марказларининг фаолиятини қайта кўриб чиқиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилиши керак бўлган хизмат турларини акс эттирувчи Стандарт операцион чораларни ишлаб чиқиш бўйича идоралараро эксперт ишчи гуруҳи томонидан тузилган иш режаси асосида ишлаб чиқилган ҳужжат тақдимоти бўлиб ўтди.

Мажлисда Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш, Маданият, Адлия, Ички ишлар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари, қолаверса, ЎзМТРК ва давлат ташкилотлари раҳбарлари томонидан тегишли таклифлар  билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати.