Генри Форд ишчиларига фақат дам олган пайти учун иш ҳақи тўлаган
Генри Форд нафақат Америкада, балки бутун дунё автомобиль саноатининг афсонасига айланган. У 1863 йилнинг 30 июлида Детройтда дунёга келган.
Автомашиналарни ишлаб чиқаришда у биринчи бўлиб саноат конвейеридан фойдаланишни бошлади. Форд бутун ҳаётини барча фойдаланиши мумкин бўлган автомобиль ишлаб чиқаришга бағишлади. Маҳсулотни мувафаққиятли ишлаб чиқариш учун корхоналарда меҳнатни ташкил этишнинг тўғри тамойиллари зарур эди. Унинг заводи пештоқида “Худо сени эҳтиёт қисмларсиз яратгани ёдингда бўлсин!” деган ёзув илиб қўйилган эди. Тадбиркор ўзининг тажрибасини “Менинг ҳаётим – менинг ютуқларим” номли китобида тасвирлаб берган. Ушбу китоб ҳозирда ҳам кўплаб ишбилармонларнинг ўқув қўлланмасига айланган.
Генри Форднинг фабрикаларидан бирида ишчилар жамоасига дам олган вақти учун ҳам ҳақ тўланган. Бу конвейернинг узлуксиз ишлаб туриши учун масъул бўлган хизмат гуруҳи эди. Оддий қилиб айтганда, таъмирловчилар фақат дам олиш хонасида ўтирганларида маош олишган. Ўрнатиш линиясининг бузилиши натижасида қизил чироқча ёниши билан уларга пўл ҳисоблайдиган счётчик тўхтаб қоларди. Биринчидан, улар таъмирлаш ишларини тез тугатиб, дам олиш хонасига қайтишар, иккинчидан, носозлик туфайли хонани яқин орада тарк этмаслик мақсадида улар таъмирлаш ишларини сифатли олиб боришарди.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.