Германиядан Самарқандга тўғридан-тўғри чартер рейслар йўлга қўйилиши мумкин
Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Германия туристик ассоциацияси (DTV – Deutscher Tourismusverband) президенти Норберт Фиебиг бошчилигидаги делегация аъзоларини қабул қилди.
Делегация ташрифи Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ва «Silk Road Samarkand» халқаро туристик маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Вазирликдаги учрашувда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Европада кенг тарғиб этиш ва европалик сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида «Destination Forum» («DTV»га аъзо энг йирик ва салоҳиятли туристик ташкилотларнинг туристик форуми) лойиҳасини амалга ошириш масаласи муҳокама этилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини катта тажрибага эга бўлган «DTV» ассоциациясининг маркетинг ресурсларидан фойдаланган ҳолда кенг тарғиб этиш, Ўзбекистон дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири эканлигини дунёга кўрсатиш, Германиядан Самарқанд шаҳрига тўғридан-тўғри чартер рейсларни йўлга қўйиш, биргаликда «Uzbekistan» туристик брендини Европага олиб чиқиш, юртимизга DTV таркибига кирувчи энг йирик ва салоҳиятли туристик ташкилотлар ҳамда туристик операторлар ташрифини ташкил этиш каби масалалар юзасидан музокаралар олиб борилди.
Учрашув якунида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда DTV ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган барча масалаларни амалга ошириш мақсадида ўзаро медиа-режа лойиҳаси ишлаб чиқиш, шунингдек, 2023 йил апрель ойида «Destination Forum» лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.