Гўшт маҳсулотлари ва сабзавотлар нархи ошишида об-ҳаво ўзгарувчанлиги сабаб деб кўрсатилди

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича йиғилиш ўтказди.

Унда 2021 йилнинг май ойида йиллик инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этиб, апрель (10,7 фоиз) ойига нисбатан бироз тезлашгани қайд этилди. Бунда, озиқ-овқат товарлари гуруҳида нархлар ўсишининг апрель ойидаги 13,6 фоиздан 14,4 фоизгача тезлашиши инфляцияни оширувчи асосий омиллардан бўлди.

Мазкур гуруҳдаги товарлар нархлари ўзгаришига, бир томондан, жаҳон бозорида ўсимлик ёғи, шакар ва гўшт маҳсулотлари нархларининг сезиларли даражада ошиши сабаб бўлган бўлса, иккинчи томондан, қиш-баҳор мавсумида кузатилган ўзгарувчан об-ҳаво шароитларида мева ва сабзавотлар ҳосилининг кечикиши ҳамда аввалги йилларга нисбатан кам бўлиши кутилаётганлиги таъсир кўрсатди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ва хизматлар тарифларининг йиллик ўсиши умумий инфляцияга пасайтирувчи таъсир кўрсатиб, жорий йил май ойида мос равишда 8,2 ва 8,5 фоизни ташкил этди.

Мавсумий омиллар таъсирчанлиги юқори бўлган мева-сабзавотлар ва тартибга солинадиган нархлар чиқариб ташлаб ҳисобланган базавий инфляция даражаси йил бошидан (12,1 фоиз) босқичма-босқич пасайиб келиб, май ойида йиллик 10,9 фоизни ташкил этди ва умумий инфляция суръатлари билан тенглашди.

Шунингдек, жорий йил бошидан бери кузатилаётган ўзгарувчан об-ҳаво шароитлари (дала ва яйловларда сув ресурсларининг камлиги) чорва озуқаси нархларига ва такрорий сабзавот экинларини экиш жараёнига таъсир кўрсатиб, гўшт маҳсулотлари ва сабзавотлар нархларига оширувчи босим кўрсатиши мумкин.