Гренландия — келажак ресурслари жамланган музли қитъа

Биринчи мақоламизда ердаги ушбу энг катта оролнинг транспорти, маҳаллий ошхоналари, миллий кийимлари ва бошқа хусусиятлари ҳақида ёзган эдик.

Бугунги мақолада сўнгги ойларда дунё диққат-эътиборида бўлган, жисмонан Шимолий Америкада, сиёсий жиҳатдан эса Европанинг бир қисми ҳисобланадиган, Атлантика ва Шимолий Муз океанлари билан чегарадош ҳақиқий географик парадокс Гренландия дунёдаги бошқа ҳамма нарсадан нимаси билан фарқ қилиши тўғрисида сўз юритилади.

Сайёранинг муз остидаги хазинаси

Гренландия музлари дунёдаги энг бой табиий ресурсларни яшириши билан Ернинг бошқа жойларидан фарқ қилади. У ерда бугунги кунда инсоният излаётган ҳамма нарса - нефть, газ, металлардан тортиб, уларсиз электромобиллар, шамол турбиналари ва замонавий аккумуляторлар ишлай олмайдиган нодир ер элементлари бор. Муаммо шундаки, ушбу хазиналарнинг аксарияти оролнинг тахминан 80 фоизини қоплаган музлар остида чуқур жойлашган.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу захиралар келажакда жаҳондаги талабнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғини қондириши мумкин. Гап Гренландияни дунёда потенциал етакчи ўйинчига айлантирадиган ўн миллионлаб тонналаб ноёб ер элементлари ҳақида кетяпти.

Буюк давлат катталиги ҳажмидаги нефть ва газ

АҚШ геологик хизматининг ҳисоб-китобларига кўра, Гренландия шимоли-шарқида тахминан 31 миллиард баррель нефть бўлиши мумкин. Бу Америкадаги барча маълум нефть захиралари эквиваленти билан тенг дегани. Ишлаб чиқариш об-ҳаво ноқулайлиги ва улкан харажатларни талаб қилса-да, бу салоҳият ҳақиқатан ҳам жуда катта.

Бошқа ҳеч қаерда йўқ геология

Мамлакатнинг ўзига хослиги шундаки, у 4 миллиард йил давомида табиий ресурслари яратиш бўйича барча асосий геологик жараёнларни бошидан кечирган.  Бу ерда олтин, ёқут ва графит ҳосил қилган тоғларнинг келиб чиқиши, Ер қобиғининг чўзилиши натижасида нефть, газ ва металларнинг ҳосил бўлиши даврлари бўлган. Вулқон фаолияти эса нодир ер элементлари ва олмосларни қолдириб кетди. Ҳатто Ер стандартлари бўйича ҳам буларнинг барчасини бир жойда тўплаш камдан-кам ҳолларда учрайди.

Гренландиянинг муздан холи қисми мамлакат умумий майдонининг бешдан бир қисмини ташкил этади. Қуруқлик Буюк Британиядан деярли икки баравар катта. Оролнинг қолган қисми қалинлиги бир неча километргача бўлган “муз бўлаги”дир.

Олимлар унинг остида ҳали очилмаган конлар борлиги ҳақида гапиришади. Георадар каби замонавий технологиялар муз остидаги 2 километргача чуқурликларни кузатиш имконини бераётган бўлса-да, разведка ишлари жуда суст олиб борилиб, қимматга тушмоқда.

Иқлим парадокси

Глобал исиш ва музларнинг эриши туфайли ресурслардан фойдаланиш янада қулайроқ бўлиб боряпти. 1995 йилдан бери  Гренландияда  Албания катталигидаги майдон эриб кетди.

Ресурслар қазиб олиниши глобал энергия ишлаб чиқаришни кучайтириши мумкин, бироқ бу оролнинг ноёб табиий муҳити ва қирғоқбўйи аҳолисига таҳдид солади. Ҳозирча Гренландия ҳукумати фойдали қазилмалар қазиш ишларини қаттиқ назорат қилади, бироқ АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг оролга нисбатан қизиқиши кундан-кунга ортиб бормоқда.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.