Гриппга қарши эмлаш неча ёшдан ва кимларга белгиланади?
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами гриппга қарши вакциналар билан бепул эмланади. Жумладан, «Мурувват» ва «Саховат» уйларида яшовчилар, меҳрибонлик ва гўдаклар уйларининг тарбияланувчилари бепул эмланади. Аҳолининг бошқа вакиллари эса ўз ҳисобидан, ташкилот ходимлари эса ўша идора маблағларидан хусусий эмлаш марказлари орқали вакцина олишлари мумкин.
Ҳомиладор аёллар, нафас олиш органлари ва юрак-қон томир тизимларининг маълум сурункали касалликларига чалинган катта ёшлилар, 60 ёшдан ошган шахслар ва 6 ойликдан бошлаб болалар ҳам бемалол мавсумий гриппга қарши эмланиши мумкин.
Умуман олганда, гриппга қарши вакцинация қилишга қарши кўрсатмалар йўқ. Яъни, бу эмлаш тури ҳаммага қилиниши мумкин. Аммо шунга қарамай, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиб, организмнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганган ҳолда вакцина олиш лозим.
Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги бош мутахассиси Дилором ТУРСУНОВА маълумот берди.