Гулнора Каримованинг Женевадаги вилласидан санъат асарлари Ўзбекистондаги музейларга қайтарилади

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги томонидан тегишли соҳа идоралари иштирокида Швейцария, Франция, Россия Федерацияси, Латвия ва бошқа давлатлар ваколатли идоралари билан ҳамкорликда Г.Каримова томонидан жиноий йўл билан қўлга киритилган активларни қайтариш масаласида муайян ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Швейцария федерал прокуратураси билан ҳамкорликда, экспертларни жалб қилган ҳолда Г.Каримованинг Женева шаҳрида жойлашган вилласида ўтказилган тинтув вақтида аниқланган ва хатланган 70 турдаги санъат ашёлари (картиналар, амалий санъат ва ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар)нинг миллий бойликка тааллуқлилигини аниқлаш ҳамда уларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Аввал Г.Каримованинг Ўзбекистондаги яшаш манзилларида 985 турдаги тарихий маданий ва бадиий аҳамиятга эга қимматликлар, деб топилган ҳамда умумий қиймати 12,7 миллиард сўмдан ортиқ бўлган санъат асарлари (картина, сўзана, миллий тақинчоқлар, сопол, ёғочдан ишланган миллий ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар) аниқланган ва хатланган.

Қайд этилган картиналар ва санъат асарлари суд ҳукмига кўра, давлат эгалигига ўтказилиб, Ўзбекистон амалий санъати ва ҳунармандчилик тарихи Давлат музейи, Фарғона вилояти тарих ва маданият Давлат музейи,  Андижон вилояти тарих ва маданият Давлат музейи, Чирчиқ шаҳар тарих музейларига топширилган.