Ҳафта давомида қуруқ ва паст ҳароратли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда

"Ўзгидромет" хабарига кўра, эртага Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ, лекин салқин об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

Фарғона водийси вилоятларида ва Сурхондарё вилоятларининг баъзи жойларида ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Айрим жойларда дўл ёғиши эҳтимоли бор. Чўл ҳудудларида ва Фарғона водийсида шамолнинг тезлиги соатига 17-22 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда чанг тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.

Кундузги ҳарорат +12...+15 даража, республика шимолида +7...+12 даража илиқ атрофида бўлади. Кечаси ҳарорат +2...+7 даража илиқ, шимолнинг баъзи жойларида -3 даража совуқ бўлади.

19 апрелдан бошлаб антициклон республика ҳудудидан чекина бошлайди ва иш ҳафтасининг охиригача Ўзбекистон бўйича қуруқ об-ҳаво кузатилади. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва 21-апрелга келиб кечаси +4...+9 даража, кундузи +20...+25 даража илиқни ташкил этади.

Бугун сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкин.