“Ҳамшира - 2026” ғолиблари аниқланди
Самарқанд шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ҳамшира - 2026” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ҳамширалик касбининг нуфузини янада ошириш, соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш, уларнинг касбий маҳоратини юксалтиришни мақсад қилган танлов аввалида сўзга чиққанлар бугун ушбу касб эгаларига қўйилаётган талаб ва масъулият ҳақида тўхталдилар.
Танлов давомида иштирокчилар билим ва тажрибаларини намойиш этиб, назарий савол-жавоблар, амалий кўникмалар, ижодий маҳоратларини синовдан ўтказишди.
Натижаларга кўра, 1-ўрин Нарпай тумани соғлиқни сақлаш бўлими ҳамшираси Мухлиса Неъматовага, 2-ўрин Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали ҳамшираси Ёдгора Аъзамовага, 3-ўрин Булунғур тумани соғлиқни сақлаш бўлими ҳамшираси Оқилаой Давроновага насиб этди.
Тадбир доирасида 14 та ҳамширалик йўналишлари кесимида “Йилнинг энг яхши ҳамшираси” номинациялари бўйича ғолиблар ҳам аниқланди.
Ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.