Ҳар бир мутахассис, айниқса, амалдор ўзига савол бериши керак - ҳалол ва сифатли хизмат билан елкамдаги фарзи айнни адо этяпманми?

Азизларим. Яна қўлга “клавиатура”, деган замонавий қалам олмасам бўлмайди. Бунга Шайх ҳазратларининг ойнаи жаҳонда берилган маърузалари сабаб бўлди. Сўзимни "Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ижтиҳоди ва васияти" деб номладим.

Ҳазрат маърузаларининг бош мавзуси:

- ҳар бир мусулмон жамоаси, бу ўринда Ўзбекистон халқи (ҳазрат бу халқнинг мусулмон қисмини назардан тутганмилар ёки ҳаммасини - бу муҳим эмас) ўзига, ўзининг кундалик ҳаётига керакли, саломатлик ва хавфсизлиги, фаровонлик ва тараққиётини таъминлаш учун зарур мутахассисларни тайёрлаши, ўқитиши, илм ва малака билан қуроллантириши, бунинг учун ўқув юртлари очиши, уларда юқори малакали мутахассис етиштириш учун барча чораларни кўриши фарзи кифоядир;

- етишиб чиққан мутахассислар ўз касбларини бажара олишлари учун жиҳозлар, воситалар (бино, асбоб-ускуна ва бошқа) билан таъминлаши ҳам фарзи кифоядир;

- бунинг учун бу жамият зарур маблағ ажратиши ва бошқа чора-тадбирларни кўриши ҳам фарзи кифоядир;

- ана шу имкониятдан фойдаланиб, мутахассис бўлиб етишган  ҳар бир мусулмон халққа хизмат қилиши: ўқитувчи ўқитиши, врачлар даволаши, инженерлар иншоот қуриши, адлиячилар адолатни таъминлаши ва ҳоказо фарзи айндир.

Бу маърузаларда Шайх ҳазратларининг бир томондан халқпарвариги, миллатпарварлиги яққол намоён бўлса, иккинчи томондан ўзларининг туб фикрларини ва асл мақсадларини ниҳоятда ётиғи билан, "фаҳму фаросати бор уқиб олар" услубида баён қилгани кўринади.

Ўйлаймизки, ҳазратнинг халқпарварлиги, миллатпарварлиги бу ўринда изоҳга муҳтож эмас. Ахир, бугун жамият ўқитувчи, врач, юрист, иқтисодчи, инженер, агроном каби юзлаб турдаги мутахассис, минглаб турдаги ҳунарманд тайёрлаш тизимисиз ҳаёт кечира олмаслиги кундай равшан. Шайх ҳазратлари бундай ҳаммага аён масалага кўп вақт сарфламаган бўлар эди. Аллома анча чуқурроқ масалани назарда тутган.

"Эй аҳли юрт, сиз нафақат ўзингизнинг бугунингиз, балки эртанги кунингиз учун ҳам зарур мутахассисларни тайёрлаяпсизми?" демоқчи бўлган бўлсалар керак. Афсуски, бундай саволга дадил "ҳа" деб жавоб бера олмаймиз. Бизда дори-дармон тайёрлайдиган фармацевтлар етарлими? Бор, аммо етарли эмас. Хориждан олиб келинаётган дорилар ичида эса зарарлилари ҳам бўлишини истисно қилолмаймиз. Айниқса, коронавирусга қарши эмламага ниҳоятда ҳушёр бўлмоқ лозим.

Демак, фарзи кифоянинг бажарилишига ҳали бор. Бизда касалликнинг ҳамма турини даволай оладиган тиббиётчилар етарлими? Йўқ, минглаб ватандошларимиз ўн миллионлаб доллар сарфлаб хорижда даволанишга боришга мажбур бўляпти. Демак, фарзи кифоя бажарилмаяпти. Бизда ўзимиз учун зарур техника, станоклар ишлаб чиқарадиган, поток линиялар, технологиялар яратадиган мутахассислар етарлими? Йўқ. Демак, фарзи кифоя бажарилмаяпти. Бизда замонавий иншоотлар қурадиган мутахассислар етарлими? Йўқ. Масалан, Қамчиқ туннелини хитойликлар қуриб берди. Биз IT воситаларини ўзимиз охиригача ишлаб чиқараяпмизми? Йўқ. Биз ўзимизни қурол-яроғ билан таъминлаяпмизми? Ахборот хавфсизлигини таъминлайдиган муахассисларимиз борми? Йўқ ҳисоби. Бугун-ку майли, ўтар. Эртага-чи? Номаълум. Демак, фарзи кифоя бажарилмаяпти.

Албатта, замон мураккаб. Ҳамма нарсани ўзимизда чиқариш имкони йўқ. Балки кераги ҳам йўқдир. Бизда бори бошқаларда бўлмаслиги ва айирбошлаб ўз эҳтиёжимизни қондиришимиз мумкин. Аммо ҳарбий, информацион ва тиббий хавфсизлигимизни таъминлаш - фарзи кифояларнинг фарзи кифоясидир. Тўғон, сув омбор, метро, кўприк, осмонўпар бинолар, 5-6 қаватли осма йўлларни сифатли қилиб қурадиган мутахассисларимиз етарли бўлиши сув билан ҳаводай зарур. Айниқса, янги энергия воситалаларини жорий қиладиган мутахассислар фарзи айннинг фарзи айнидир.

Ҳазрат ўз маърузаларида мутахассис номигагина мутахассис бўлиши эмас, балки малакали мутахассис бўлиши ва халққа сидқидилдан, ҳалол хизмат қилиши кераклигига алоҳида урғу беради. Бугун бизда жуда кўп соҳаларда дипломлилар етарли, мутахассисликка, ҳунармандчиликка даъвогарлар кўп. Агар мактаб битирувчиларининг ярми олий ўқув даргоҳларида ўқишгача етиб борса, мутахассис босиб кетади. Аммо уларнинг малакаси етарлими? Ҳалол хизмат қиляптими? Ҳар қанча масъулиятни зиммамга олиб қайд этаманки, йўқ. Фарзи айн-чи? Бу саволни ҳеч ким ўзига ўзи берадими? Аллоҳга шукрки, малакали мутахассислар бор. Ҳалол хизмат қилаётганлари ҳам топилади. Аммо кошкийди шунинг ўзи кифоя бўлса.  Агар мутахассислар ичида малакаси етарли эмаслари, нафсига қуллари онда-сонда учраса, борингки, иккитасидан биттаси бўлса ҳам фарзи кифоя қойим деган бўлар эдим. Шунда Сардоба фожиаси бўлмас эди. Келгусида ҳам бошқа фожиалар бўлмас эди. Хўш, биз яна бошқа фожиалардан кафолатланганмизми? Аллоҳ ўзи асрасин!

Ўзига сифатли ва ҳалол мутахассис ва ҳунарманд тайёрлаш тизимини барпо этиши Ўзбекистон халқи, давлати ва ҳукумати учун фарзи кифоядир. Ўзбекистоннинг ҳар бир мутахассиси, ҳар бир ҳунарманди ўз вазифасини сифатли ва ҳалол адо этиши фарзи айндир. Намози ўзига, рўзаси ўзига, ҳажи ўзи учун. Аммо хизмат фарзини бажариши бутун жамоа манфаатига қаратилган фарз — мен буни буюк ватандошимиз ва замондошимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг армони, орзуси ва васияти деб тушундим.

Шайх ҳазратлари бу фарзлар тўғрисидаги фикрларни қаердан олганлар билмайман. Балки бугунги уламолар жавоб беришар. Аммо мен тахмин қиламанки, бундай хулоса Шайх ҳазратларининг ўзига тегишли, ўзининг ижтиҳодидир. Тарихни ўрганиш, замонани кузатиш тажрибаси устидаги ўйларидан туғилган аччиқ хулосаларидир. Зотан, динимиз тарихида бу каби фарзи кифоя ва фарзи айн аввалдан маълум бўлса, нима учун Бухоро, Хива ва Қўқон ҳукмдорлари амал қилмаганлар? Нима учун уларнинг атрофидаги шайхулислом, қозикалон ва бошқа юзлаб дин уламолари уларга айтмаганлар, талаб қилмаганлар, бажармаганда дуоибад қилмаганлар? Агар ислом дунёси алломаларининг китобларида бу икки фарз тўғрисида битиклар бўлса, нима учун осмонўпар бино ва яна аллақандай эрмакларга пул топаётган нефтга бой мусулмон давлатларидан бирортасида на замонавий қурол-яроғ, на бошқа техника воситалари ишлаб чиқарилади? Уларда бу икки фарз ҳақида ўқиган олимлар топилмайдими? Нега амиру шайхлар ҳар қанча имконияти бўла туриб фарздан бош тортишади? Малайзия бу фарзларни адо этишга интилаётганига шоҳидман. Улар тараққиёт йўлига киргач, мутахассисларнинг сифати ҳал қилувчи роль ўйнашини ҳисобга олиб, ўнлаб йирик университетлар ташкил этиб, уларда барча шароитни муҳайё қилган. Ҳар қанча ҳавас қилса арзийдиган, АҚШникидан қолишмайдиган университет кампуслари барпо этган, минглаб хорижлик мударрисларни чақириб, уларга катта маош белгилаб, фарзи кифояни адо этишга киришган. Балки, яна бир-икки мусулмон давлат мисолликка ярар. Аммо бир-икки мисол фарзи кифоя бўлолмайди. Фарзи кифоя ҳар қайси давлатнинг ўзига.

Шу сингари юртимизда қанчадир мутахассис талаб даражасида ишлаётан бўлса, бу фарзи айн адоси учун кифоя эмас. Ҳар бир ўзбекистонлик мутахассис, ҳунарманд, айниқса, амалдор мутахассислар ўзларига савол беришга одатланмоғи керак - ҳалол ва сифатли хизмат билан елкамдаги фарзи айнни адо этяпманми?

Абдулла АЪЗАМОВ, академик.