"Ҳар бир хонадонда тадбиркорлик қилиш имконияти бор": Булунғурда тадбиркор аҳоли билан учрашиб, тажрибасини бўлишди
Меҳринисо Умрзоқова Булунғур туманидаги Янгиобод маҳаласида яшаб, кўп йиллардан буён қуёнчилик ва туризм соҳаларида якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади.
Фаол тадбиркор тумандаги 9-сон мусиқа ва санъат мактабида ҳудуд ёшлари, нуронийлар, тадбиркорликка қизиқувчилар билан бизнес тармоқларнинг ривожланиши, фаолияти, келажак режалари билан ўртоқлашди. Аслида қуёнчилик билан ҳар бир оилада шуғулланиш мумкин, фақат қуён боқишни яхши ўрганиш кифоя. Қуён тез кўпайгани, кам озуқа талаб қилгани, парҳез гўштига талаб юқорилиги боис қисқа муддатда яхши даромад олиш имконияти катта. Туризм соҳаси эса истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис, тадбиркорнинг фикрлари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди, тажрибалари ўрганиладиган бўлди, дея хабар бермоқда туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
- Яқинда Президентимиз билан Самарқандда ўтказилган учрашувда қатнашиб, солиқ тизими, банк соҳасидаги имкониятлардан, умуман тадбиркорларга қаратаётган эътиборидан жуда хурсанд бўлдим, - дейди М.Умрзоқова. – Туман ҳокими ҳам ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2022 йилда қуёнчилик фаолиятимни кенгайтирдим. Меҳнатларим учун “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим. Тез орада туризм йўналишида ҳам янги йўналишлар очиш ҳаракатидаман. Ҳозир тадбиркорлик йўналишларимизда 40 дан ортиқ иш ўрни яратганмиз.