Ҳар қандай муаммони ҳал этишда биринчи галда, солиқ тўловчининг манфаати ҳисобга олинади

Мамлакатимизда солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Таъкидлаш лозимки, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади.
Кейинги пайтларда юртдошларимиздан солиқ низоларини судгача ҳал қилиш амалиёти хусусида тушунча бериш борасида кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Хўш, солиқ низоси нима? Солиқ низоси – солиқ тўловчиларнинг ёхуд солиқ агентларининг, солиқ тўловчилар вакилларининг давлат солиқ хизмати органлари қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигидан норозилиги ҳисобланади.
Солиқ кодексининг 230-моддасига мувофиқ, ҳар бир шахс солиқ органларининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан, агар ушбу шахснинг фикрига кўра, бундай ҳужжатлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) унинг ҳуқуқларини бузса, шикоят бериш ҳуқуқига эга.
Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ёки идоравий норматив ҳужжатларга мувофиқ тузилган, солиқ органларининг бир ёки бир нечта жисмоний ёки юридик шахсга қаратилган, юридик аҳамиятга молик муайян ҳаракатларни содир этишга ундовчи кўрсатмаси мавжуд бўлган ҳужжат солиқ органининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжати, деб эътироф этилади. Солиқ органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
Солиқ органининг сайёр солиқ текшируви ёки солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарори юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан бекор қилинган тақдирда, ушбу қарор бўйича солиқларнинг ва молиявий санкцияларнинг ундирилган (тўланган) суммалари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ушбу суммалар ундирилган (тўланган) даврда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган фоизларни инобатга олган ҳолда қайтарилиши (ҳисобга олиниши) лозим.
Янги солиқ қонунчилигига кўра, агар тадбиркор ва давлат ташкилоти ўртасида солиқ тўлаш масаласида низо келиб чиққанда, икки томоннинг ҳам эътирози асосли деб топилса, масала тадбиркор фойдасига ҳал қилиниши белгиланган. Давлат солиқ хизмати органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида келиб чиқадиган ҳар қандай муаммо, эътироз ва шикоятларни судга ошириб, солиқ тўловчиларни сарсон қилмасдан, аввало, солиқ соҳаси ходимлари томонидан ўрганилиб, аниқлик киритилади. Ҳар қандай муаммони ҳал этишда биринчи галда, солиқ тўловчиларнинг манфаати ҳисобга олинади.
Бахтиёр ҲАСАНОВ,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ходими.