Ҳаётда тобланган умр

Журналист, ижодкор ва моҳир раҳбар Холмуҳаммад Нуруллаевни эслаб

Холмуҳаммад икки давр, икки тизим, йўқлигу мусофирликни кўрган ўзига хос зиёли эди. У дўсти, яқинлари қанча кўп бўлса, ғаним ва хато қилишини кутиб юрганлар ҳам шунчалик эканини яхши билиб яшади. “Душманга қарши курашиб, асабийлашгандан кўра, хато қилмасликка интилган афзал, жўра” дерди у.

География фани ўқитувчиси, ургутлик Жума муаллим нафақат қишлоқда, туманда ҳам танилган зиёли эди. Холмуҳаммад ана шу инсон тарбиясини олди. Муҳими, қишлоқдан чиққан таниқли зиёлиларга ҳар қанча ҳавас қилмасин, бундай мартабага фақат меҳнат ва машаққат билан эришиш мумкинлигини тушуниб етди.

Шу шиорига муносиб риоя этиб яшади ҳам. Газетачиликда иш танлаб ўтирмади: ҳатто анча муддат мухбирликкача бўлган штатларда ишлади. Устози Абдурашид Абдураҳмоновга эргашиб, Жиззахда янги очилган газетага борди. Ўктам Жавлонов, Анвар Жўрабоев, Нурали Қобул каби таниқли ижодкорлар сафида юрди.

Кейин “Зарафшон”дек забардаст таҳририят сафига қўшилди, шу муҳитда журналист ва сиёсатчи бўлиб етишди.

У билан кўнглимиз яқин бўлгани учун узоқ вақт ҳамфикр, ҳамкор бўлдик. Холмуҳаммад яхшилик қилишни яхши кўрарди. Айниқса, мени нафақадаги зиёлиларни зиёрат қилишга, кўнглини сўрашга чорларди. Ўзига ҳаётда озгина бўлса-да ибрат бўлган, ёрдам берган, йўл кўрсатган кишиларни ҳурматини жойига қўярди. Хусусан, менинг ота-онамни ҳам йўқлаб турарди.

Х.Нуруллаевнинг таржимаи ҳолида “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири, вилоят ҳокимининг ёрдамчиси, ҳокимлик бўлим мудири, ҳоким ўринбосари, Ургут тумани ҳокими, Олий Мажлис депутати... деган битиклар бор. Мен бу жумлалар давомига “У ҳар қандай ҳолатда ҳам халқини, одамларни севиб яшади” деган сўзларни қўшишни истайман. Чунки у шунга лойиқ эди. Тошкентга борса, бир сумка китоб олиб қайтарди, навбати билан ўқирдик.

Холмуҳаммад ижрочигина эмас, фикрлаб ишлайдиган раҳбар эди. Ҳамма маърузаларини ўзи ёзарди. Бундан ташқари, юзлаб мақолалар, иккита китоб чиқаришга улгурди. Кўплаб ижодкорларга ҳомийлик қилди.

Ҳуқуқшунос, лекин таҳририят муҳитида камолга етган Шоира Зоҳидова билан ширин турмуш қурди. Икки ўғил ва бир қизни вояга етказди. Улар ҳозир эл хизматида.

У доимо Заҳириддин Бобур туғилган кунда туғилганман, деб фахрланарди. Бу фахр унинг ибратли хотираларида, дўстларга қилган эзгуликларида ҳали узоқ яшаяжак.

Фармон Тошев.

***

Суратда: Холмуҳаммад Нуруллаев (чапда) Тойлоқ тумани ҳокими Жамшид Ашуров (Аллоҳ раҳмат қилсин) билан. 2004 йил.