Ҳаётга қайтиш: Шифокорнинг кўрган-кечирганлари (10-қисм)
Эртасига эрталаб беморнинг уйига кириб бордик. Оддийгина ҳовли, аммо ҳамма томони супурилган, топ-тоза. Ҳовлидаги катта супада кўрпачага ўраниб оқ соқолли отахон ўтирарди. Бизнинг келишимизни эшитиб, аёллар, келинлар, ёш болалар тўлиб кетди. Ҳаммаси биз билан салом-алик қилишди. Биз ҳам Ваққос ака билан супадаги кўрпачага ўтирдик. Шу пайт ҳовлида юрган бир эркак келиб биз билан қуюқ саломлашди. Кейин гап бошлади
- “отамнинг икки оёғини немиснинг минаси олиб кетган. Узоқ йил протез олиб берамиз, дейишди, ҳеч унамадилар. Тўй-ҳашамга ўзим орқамда кўтариб олиб бораман. Иштаҳаси яхши, урушдан олдин болалари турмаган, мен ёлғизман. Шунинг учун исмим Турсунбой. Болтиқ бўйидаги давлатларни Эстония, Латвия, Литвани озод қилишда қатнашган. Урушдан кейин ҳам у юртларда салкам ўн йил қолиб кетган. Онам безгакдан ёш ўлиб кетган...”
Суҳбатимиз қизиганидан вақт алламаҳал бўлганлигини сезмабмиз ҳам. Хайрлашиб, ортга қайтдик. Йўл-йўлакай Ваққос акага лом-лим демадим, чунки у асли ташхисни билмасди. Йўлда у киши ҳам қизиқиб сўраб қолди:
- У киши мохов бўлганми?
-Йўқ, - биз манзилдан адашдик деб гапни қисқа қилиб қўя қолдим. Кечқурун меҳмонхонада дам олдимда, эртасига Фарғонага қараб кетдик. У ерда бизни вилоят тери-таносил касалликлари диспансери бош шифокори Раъно опа кутиб олди. Опа жуда келишган, айниқса, унинг хушчақчақлиги менга маъқул келди.
- Ҳозирда Олтиариқда битта, кейин Тошлоқда бир мохов аёл тирик. Қолганлари аллақачон ўлиб кетган, - дея маълумотлари билан ўртоқлашди Раъно опа.
Олтиариққа отландик. Манзилга етиб келдик. Бемор бозор олдидаги йўлакда учраб қолди. Ёнида 10-12 ёшар ўғил, ўзлари қора кўзойнак тақиб олган. Аммо бир оёғини сал судраб босарди. Ўзимизни таништиришимиз биланоқ бемор ҳамроҳлигида унинг уйига келдик. Токзорларини кўриб оғзим очилиб қолди. Оқ-қизил, қора, сариқ рангли узумлар кўзни қамаштирарди. Наҳотки ушбу мевазорни моховга чалинган бемор қилган бўлса, деб ажабландим ҳам.
Бемор ҳеч тортинмай бутун танасидаги моховдан қолган асоратларни кўрсатди. Ҳатто терисининг қайсидир жойлари на иссиқни, на совуқни, ҳатто оғриқни ҳам сезмаслигини ручка билан чизиб кўрсатди. Кейин секин йиғламсираб гапира кетди. Армияда хизмати Қозоғистоннинг Қизилўрда шаҳрида ўтган.
- Касалликни шу жойда юқтириб олганман. Биз хизмат қилган ҳарбий қисмда жуда кўп маҳаллий аҳоли ҳам ишлар эди. Шуларнинг биттаси мохов бўлиб чиқди. Қаранг, хизматдаги минглаб аскарлар ичида хасталик фақат менга юққан. Пешонам шўр экан, шаҳарнинг бир четидаги моховхонада салкам ўн йил даволандим. “Уйдагиларга ўрис қизга уйландим, энди шу жойларда қоламан”, деб ёлғон гапирдим. Уч йил деганда дадам келди, дардимни билиб уч кун йиғлади. Кейин мендан розилик сўраб қайтиб кетди. Қозоғистондан ҳам қайтиш осон бўлгани йўқ. Уйим ёниб кетди, қўлларим, оёқларим, юзларим оловда куйди, деб қайтиб келдим. Бир йил ўтмасдан асл ота уйни сотиб шу маҳаллага кўчиб келдик. Тақдиримнинг аччиқлигини қаранг, янги маҳаллада ҳам болалигида оёқ-қўллари куйиб қолган қиз бор экан. Тақдир экан, иккаламиз турмуш қурдик. Бола-чақали, мана неварали ҳам бўлдик. Дўхтир сиздан илтимос, менинг касал бўлганлигимни хотиним ҳам билмайди. Тери диспансерида мени биладиган битта Раъно опа деган дўхтир қолган, кейинги биладиган инсон бу – Сиз. Шукур, ўғил-қизларимнинг ҳаммаси соппа-соғ. Қозоқлар менга жавоб бераётганида теримдан 3 марта кесиб олишган ва микроскоп остида кўришган. Сенда мохов микробларини топа олмадик, дейишганди ўшанда. Мана, орадан салкам 35 йил ўтди ҳамки, ҳеч кимга юқмади. Демак, мен соппа-соғман.
– Ҳа, сиз матонатли инсон экансиз. Тўғриси, сабрингизга қойил қолдим. Аслида биз беморларни орадан 30 йил ўтгач, ҳисобдан чиқарамиз. Сизнинг олдингизга энди ҳеч ким биз томондан сўраб келмайди, - дея у билан хайрлашдим. Ҳовлига чиқсам у кишининг аёллари бир қути сархил пишган узум олиб қўйибди. “Дўхтир, дўстларингиз билан бирга ерсиз”, дея қўярга-қўймай қўлимга тутқазди.
Тошлоқ туманидаги бемор аёлимиз анча кексайиб қолган экан. Маҳаллада унинг касал бўлганлигини фельдшер аёлдан бошқа ҳеч ким билмаскан. Кўриниб турибди, яхши даволанган битта ўғли иккита қизи бор. Ҳаммаси соғ, уйли-жойли. Пиёлада чой ҳўплар экан, мендан секин сўради:
- Сиз ҳалиги, Булунғурдан келдингизми?
Мен ҳам овозимни чиқармасдан секин “ҳа” дея жавоб қайтардим.
- Саккиз йил у жойларда ётганман. Бир Чори деган сурхондарёлик роса менга тегажоғлик қилган. Ароқни ичган куни олдимга келиб, бошимни оғритарди, - деди аёл. Мен эса унинг яқинда вафот этганлигини айтдим.
- Эна, асли қаердан бўласиз?, - дея саволга тутдим.
- Мен ҳам эрим ҳам Жалолободданмиз. Булунғурда бирга даволандик. У киши бултур ёруғ дунёни ташлаб кетди. Яхши даволандик, теримиздан қирқиб уч марта анализ олишди. Ҳар сафар тоза чиқди. Кейин бизга жавоб беришди. Она юртдан қочиб шу ерларга келиб, иморат қурдик. Фарзандларимизни болалар уйидан олиб келдик. Кичик фарзандимиз Тошлоқда туғилди.
Энанинг гапларини эшитиб, касаллик азобини чекиб, енгилмасдан унга қарши курашган бундай инсонларга қойил қолмасдан иложимиз йўқ.
Ўтган асрнинг 70-80 йилларидаёқ моховни даволашнинг имкони бўлган, фақат бунга йиллар керак бўлган. Сабр косаси синганлар ҳар хил омиллар туфайли бу ёруғ дунёни тарк этишган. Аммо иродаси мустаҳкам, касалликка қарши курашганлар, соғлом одамлар томонидан билдирилган турли хил дискриминация (камситилиш)га қарамасдан ҳар қандай вазиятда ҳам инсонийлигини сақлай билган.
Нимагадир моховга чалинган беморлар орасида Фарғона шаҳрида рус миллатига мансуб беморлар миқдори анчагина эди. Қаранг рус империяси генерал Скоболев (оқ пошшо) бошчилигида Қўқон хони ағдарилгандан сўнг Узоқ Шарқдан минглаб рус крестянлари кўчириб келинган. Ўз-ўзидан маълумки, сунъий миграция туфайли бемор одамлар ҳам келиб қолишган. Мана 40-50 йил бўлдики, Фарғона водийси ҳудудидан янги беморлар қайд қилинмай қўйди. Бизнинг олиб борган эпидемиологик изланишларимиз туфайли касалликнинг пайдо бўлиш сабаби тўлиқ ўрганилди. Деярли ҳамма беморлар эски эндемик ўчоқлардан миграция туфайли келиб қолишган. Асли Фарғоналик беморлар эса касалликни узоқ юртлардан юқтириб олишган.
Андижон вилоятидаги қайта уюштирилган сафарим кўнгилдагидек ўтмади. Бош шифокорнинг даволаш ишлари бўйича муовини Мўминжон Деҳқонов ишдан бўшаб, хусусий шифокорликка ўтиб кетибди. Улуғнордаги бемор билан эса ҳеч кимнинг иши бўлмай қолган. Бу фикрларни янги муовиннинг ўзи исботлаб турибди. Менинг қистовимдан сўнг ёш Тўлқин деган дерматовенеролог менга ҳамроҳлик қилди.
Архив ҳужжатларидан маълумки, вилоят ҳудудидан ўтган асрнинг биринчи ярмида жами – 48 нафар моховга чалинган беморлар қайд қилинган. Уларнинг кўпчилиги Избоскан, Пахтаобод, Шаҳрихон, Қўрғонтепа, Андижон тумани ва Андижон шаҳрига тўғри келади. Эътиборлиси шундаки, бу жойларга ҳам беморлар инқилоб туфайли Россиядан, айниқса, Хитойнинг Ёркент ва Қашқар вилоятларидан кўчиб келган уйғурлар ташкил қилган. Улуғнорлик беморнинг 5-6 ойлик махсус даво ҳисобига саломатлиги анча ўзгарган. Иштаҳаси очилиб, юзлари тўлишган. Фарзандларининг ҳам яхши томонга силжиши кузатилди. Лекин қўни-қўшни масаласи... Бутун бир бош оилани ҳеч ким тан олмас, кирди-чиқди, олди-берди ишлари тўхтатиб қўйилганди. Тўлқинжон дўхтир билан беморга дори-дармон ва бозор-ўчар қилиб бериб, кейин хайрлашдик.
Кўчага чиқишим билан Тўлқинжонга дедим:
- Мана ука, моховни энди бемалол амбулатор шароитида даволаса бўлади. Клиник ўзгаришни кўрдингизми, доғ, яра-чақадан из ҳам қолмаган. Дўстларингизга, ҳамкасбларингизга жар солиб айтинг! МОХОВ БЕДАВО ДАРД ЭМАС.
Ҳаш-паш дегунча янги йилнинг февраль ойи ҳам келди. Чет эллик дўстларим аввал Халқаро Конференцияга таклифнома, кейин эса Америкадан туриб менга Тошкент-Деҳли-Тошкент рейсларига самолётга чипта олишибди. Ҳатто конференция дастури ҳам кўрсатилган. Унда қачон, қаерда, соат нечида менинг маърузам бўлиши қайд қилинганди. Кейин Агра шаҳрига, яъни Тожмаҳалга саёҳат кўрсатилганди. Инглиз тилида ёзилган таклифномани, конференциянинг кун тартиби билан яқиндан танишиши истагида дўстим профессор Саидқосим Арифов ҳузурига бордим. У таржима қилиб ўқиб берди. “Мазза қилар экансизда,Тожмаҳалниям кўраркансиз”, - дея мени бағрига босиб қўйди. Профессор Саидқосим Арифов ёшлигидан жуда тиришқоқ, билимга чанқоқ эди. Биз ҳали рус тилини тўлиқ ўрганмасимиздан, у инглиз тилида эркин гаплаша оларди. Деярли Европа давлатларида ҳамма дерматологиянинг долзарб муаммолари ҳақида маърузалар, чиқишлар қилган. У дунё миқёсидаги илмий журналларнинг таҳририят аъзоси. Бир қанча Халқаро Конференцияларга спикерлик қилган. Айниқса, унинг рус тилида чоп этилган “Дерматовенерология” номли рангли атласи дўстимни бутун дунёга машҳур қилди. Иккаламиз муаллифдошликда “Тери ва таносил касалликлари” номли дарсликни биринчи бўлиб ўзбек тилига 2000 нусхада чоп этганмиз. Бу эса дўстим билан муносабатларимизни ўзаро мустаҳкамлаган.
Тошкентдан самолётда аввал Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрига учдим, кейин кичик микроавтобусда Агра шаҳрига йўл олдик. Бобомиз Бобурнинг иккинчи Ватани бизни ўзининг мусаффо осмони ва кулиб турган чеҳраси билан қарши олди. Ҳайҳотдек меҳмонхонага жойлашдик. Бутун дунёдан келган шифокор лепрологларнинг сони шунчалик кўп эдики, уларнинг саноғига етиб бўлмасди. Собиқ Иттифоқнинг Россия, Арманистон, Украина, Қозоғистон, Озарбайжон ва Тожикистонлик ҳамкасбларимни кўриб бошим осмонга етди. Эртасига эрталаб конференциянинг пленар мажлиси бошланди. Йиғилишда иштирок этаётган Бразилия, Мексика, Хитой, Хиндистон, Япония каби катта давлатлардан келган делегациялар залнинг жуда катта қисмини эгаллади. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилотининг лепра касаллиги бўйича бош мутахассиси доктор Норден янги даволаш услубини, унинг самарадорлиги жуда юқори эканлигини тушунтириб берди.
Эртасига эрталабдан кичик залда Россия, Қозоғистон, Украина ва яна қатор давлатлар билан бир қаторда мен ҳам ўз маърузамни ўқидим. Айниқса, Бразилия, Аргентина, Мексикалик ҳамкасбларимиз Собиқ Иттифоқдан келган лепрологларнинг маърузаларини ўта қизиқиш билан тинглашди. Конференциянинг учинчи куни анжуман иштирокчилари Тожмаҳални кўришга бордик. Қуёш чиқар томонга қарасам қаршимда ҳайҳотдек келадиган оппоқ мармардан қурилган, осмонўпар гумбазлари ила қад кўтариб турган Тожмаҳал мақбараси турар эди. Ҳамма учун бу шунчаки гўзал иншоот. Аммо мен учун боболарим қурган Тожмаҳал эди. “Ахир мана шу ердаги минглаб анжуман иштирокчилари ичида битта мен Бобурнинг она юртиданманку”, дея бор овозим билан бутун борлиққа жар солгим келарди. Оёқ кийимимизни ечиб, сажда қилиб бобом қурган муҳаббат қасри бўлмиш Тожмаҳалга кирдик. Бу кошонанинг гўзаллигини тил билан таърифлаб бўлмасди.
Сафарнинг тўртинчи куни кечаси Тошкентга қайтдик. Тошкентда ҳали қиш ҳавоси, бир-икки градус совуқ. Аэропортда Ҳиндистондан харид қилинган кийимлар ҳисобидан уст-бошимни янгилаб олдим. Куннинг совуқлигига қарамасдан опаларим, поччам, жиянларим ва фарзандларим қучоқ очиб мени кутиб олишди. Байрамни уйда давом эттирдик. Айниқса, онам “Отанг кўрмаган жойларни зиёрат қилиб келдинг”, дея узундан узун мени дуо қилди. Шанба-якшанба болаларим, онамни олиб, бутун оиламиз билан дала ҳовлига кетдик. Дала ҳовли бу жисмоний ишлар билан шуғулланидиган маскан. Ҳовлининиг бир четига Ҳиндистондан олиб келган икки туб банан кўчатларини экдим. Устини қуруқ хашак билан ўраб, тилак қилдим. Қўшним кўриб, “Бу дарахт иссиқ тропик давлатларда ўсади, дўхтир, совуқ уриб кетади” деди. Аҳамият бермадим. Бечора қўшним билиб-билмай айтган шу гаплари учун ҳанузгача пушаймон бўлди. Чунки баҳорнинг ўртасига келиб, бананларим шунақанги ўсдики, унинг чиройини, катта-катта шапалоқдек келадиган баргларини кўриб ҳавасинг келади.
Ана шундай кунларнинг бирида яна архив материалларимни кўздан кечирдим. Қаранг, Наманганнинг Янгиқўрғон туманида учрашган бемор - отахоннинг касаллик тарихи чиқиб қолса бўладими? Ҳақиқатан урушнинг охирги йилларида у Совет армияси сафида хизмат қилган. Эстониянинг ўрмонларида фашистларга қарши курашган. Ҳеч қанақа жароҳатлар олмаган. Аммо мохов касаллигига чалиниб қолган ва Эстониянинг моховхонасида салкам 8-10 йил даволанган. Касаллик таъсирида икки оёқларида чуқур трофик яралар юзага келган. Беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида шифокорлар икки оёқларини кесиб ташлашган. Ушбу маълумотларни билганимдан сўнг орадан 2-3 ой ўтиб, Янгиқўрғонга яна бордим. Беморнинг ўғли отахонни орқасида кўтариб қўшни маҳалладан тўй (ош)дан олиб келаётган экан. Ота-бола билан салом-аликдан сўнг бир пиёла чой устида яхшилаб суҳбатлашдик. Салкам саксонни урган отахонда мохов касаллигининг ҳеч қанақа юқумлилик белгиси қолмаганди. Тиббиётдаги қонун-қоидаларга биноан касалликнинг давосидан кейин 30 йил муддат ўтгач, унинг тиббий кўриги якунланади. Бемор диспансер ҳисобидан чиқарилади. Шундай ҳам бўлдики, беморни кузатиш тўхтатилди. Икки йилдан сўнг бемор қарилик туфайли вафот этди. Шу-шу мана орадан 15 йилга яқин вақт ўтди ҳамки бу ҳудудлардан бошқа бемор қайд қилинмади. Демак, яна эски ҳол, яъни касалликнинг яккам-дуккам ўчоқларининг пайдо бўлишида миграциянинг ўрни катта бўлган.
Касаллик ҳақда маълумотларни тўлароқ қилиб яна Германияга жўнатдим. Ҳар бир беморнинг расмини олганлигимни аҳамияти жуда катта бўлди. Улар ушбу маълумотларнинг ҳаммасини таҳлил қилиб илмий мақола сифатида йўллашимни таклиф қилишди. Айниқса, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида мохов касаллигининг пайдо бўлиш сабаблари ва унинг эволюцияси” номли илмий ишимизни Я.Файзиев диссертация сифатида муваффақиятли ҳимоя қилиши бутун институт ходимларини лол қолдирди. Бу бизнинг лепрология соҳасидаги хизматимизнинг дастлабки иши эди. Германиялик, америкалик, ҳиндистонлик ҳамкасбларимиз, айниқса, Мэлс каби дўстларимиз бу янгиликни олқишлади.
Эгамберди Эшбоев,
Дилафруз Эшбоева.
Давоми бор.