Ҳаётга қайтиш: Шифокорнинг кўрган-кечирганлари (8-қисм)
Шифохонадан чиққанимда кеч бўлиб қолганди. Дарвоза олдида сариқ рангли машинада таксичи ҳам келибди.
– Ука, бирон-бир ошхонада тамадди қилиб олсак яхши бўларди. Иш билан бўлиб туз татимадим.
- Меҳмон ака, Худо хоҳласа Ғаллаоролда кечки овқатни битта қилиб еймиз.
Ҳақиқатан ҳам Ғаллаоролнинг йўл ёқасидаги ошхонаси зўр экан. Маза қилиб ош едик. Яна машинага ўтириб, йўл юрдик. Мудраб, ухлаб қолибман. Сирдарёнинг кўприги устида уйғониб кетдим.
- Роса чарчабсиз, бир кунда келиб-кетишнинг ўзи бўлмайди. Отамга сиз ҳақингизда айтган эдим, келаси сафар меҳмонни тўғри уйга олиб келгин, деди. Иложи бўлса, телефон номерингизни беринг, - деди ҳайдовчи.
- Қаранг, кун бўйи йўл юриб таксичи билан Тошкентга келиб танишдик. Келаси сафар ҳам бирга боришга келишиб олдик.
Эртаси куни ишхонага бордим. Бир ҳафта ичида ҳам ташкилий бўлимга, ҳам Мэлс учун уч ойлик ишлар ҳисоботини ёздим. Қилинган ишларимни таҳлил қилдим. Бир-икки кундан кейин ахборот тариқасида директорга ҳам маълумот бердим. Шунда у сенга эски ишлаб кетган ходимлардан бири хат ташлаб кетди, деб қолди. Хат қўлда ёзилганди. Ҳеч қанақа муҳр ёки маркаси йўқ эди. Раҳбаримга ташаккур айтиб, хонамга қайтиб келдим. Шошилиб, конвертни очиб ўқидим, бор-йўғи 4-5 қатор сўзлардан иборат. Ушбу хатда “Менда мохов касаллиги бўйича битта диссертацияга етарли маълумотлар бор. Келишилган нархда тақдим этилади”, деб ёзилганди. Хат муаллифининг исм-шарифини ўқиб бу мендан аввал ишлаган лепролог эканлигига амин бўлдим. Аммо бу масалада унга мурожаат қилмадим. Ахир мен тиббиёт фанлари доктори бўлганлигимга анча бўлди-ку. Менимча, у кишининг хабари бўлмаса керак. Янги шогирдлар учун эса ўзимиз бирма-бир барча эндемик ўчоқларда юриб материал йиғамиз. Аммо шу шогирдни қаердан оламиз. Кимга илмий иш масаласида мурожаат қилсам ҳаммаси қочади. Ҳатто орқамдан “Моховдан бошқа қиладиган ишим йўқми?” деган фикрларни ҳам гапирадиган бўлишди.
Кузга бориб Германиядан яна “чек” келди. Бу сафар директор шахсан “чек” билан танишиб чиқди. Кейин “Сиз, ука жуда уддабурон чиқдингиз”, деб гап бошлади. Харажатларни жуда эҳтиёт қилиб сарфланг. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бор. Бу борада немислар тушунтириш ўтказган.
- Харажатларнинг ҳаммасини ҳисоблаб юрибман, - деб паст овоз билан жавоб бердим.
Хонамга кириб, қилинадиган янги ишларнинг режасини тузаётгандим, курсдош дўстим, доцент Абдубурхон Қўзибоевич қўнғироқ қилиб қолди. Қисқа салом-аликдан сўнг деди:
- Сурхондарёдан бир полвон йигит келиб қолди. Исми Янгибой. Жуда ёзув-чизувни қотиради. Тиббиёт коллежида директорнинг ўқув ишлари бўйича муовини. Илмий иш қилмоқчиман, иложи бўлса бирон-бир домла билан таништириб қўйсангиз, деб келибди. Сенга жўнатмоқчиман, илтимос, ёрдам бер.
Мен эса “Албатта, келсин қўлдан келганча ёрдам бераман”, деб дўстим билан хайрлашдим. Орадан кўп ўтмай хонамга гавдали, йўғон-семиз қорачадан келган бир киши кириб келди. Саломни жуда қуюқ қилди. Кейин ўзини таништирди:
- Исмим Янгибой, фамилиям Файзиев. ТошМИнинг “Санитария ва гигиена” факультетини тамомлаганман. Тиббиёт коллежида микробиология ва эпидемиология фанларидан дарс бераман, домла. Мен илм қилишим керак, доимо шу мақсад билан яшаганман. Катта коллежда директорнинг ўқув ишлари бўйича муовиниман. Қўлимда салкам 2000 талаба ўқийди. Ўзим илм қилмасдан бошқалардан қандай қилиб илмни, ўқишни талаб қиламан, - деб мурожаат қилди.
Унинг гаплари менга маъқул келди. Кейин савол бердим:
- Ука, дунёда мохов деган касаллик бор, улар бизда ҳам, ҳатто иккита моховхоналар ҳам бор. Шу касаллик унинг пайдо бўлиш сабаблари “эндемик ўчоқларнинг нақадар тарқалганлиги ёки мавжудлиги масаласини сизга илмий иш қилиб олиб берсам... Ишлайсизми?
У ҳеч иккиланмасдан “ҳа” деди.
- Қўрқмайсизми, - деб қўшимча қилдим.
- Домла, ишласак сиз билан дунёнинг у четига ҳам бораман, - деса бўладими.
Мен ҳам унинг юзига қараб, “Келинг, унда шундай илмий иш қилайликки, барча ҳангу-манг бўлиб қолсин", дедим. Бирданига кейинги кунларда қилинадиган режани бир юз саксон градусга ўзгартириб, Файзиев билан Булунғур лепрозориясига кетдик. Жиззах шаҳридан озроқ бозор-ўчар қилиб ҳам олдик. Видеоаппарат, фотоаппаратчиларни ҳам ўзимиз билан олдик. Ишимизнинг юришгани шунчалик бўлади-да, моховхонани узоқдан, ташқаридан, ичкаридан, хуллас, ҳамма томонлама видео ҳамда суратларга олиб, беморларга совға-саломлар улашдик. Бош шифокор секин гап бошлади:
- Бу ташландиқ моховхона кимга керак? Уни биз бир умр махфий ҳисоблаб сир сақлаб келдик. Қаранг, авваллари беморларни суратга тушириш жиноятдек қараларди. Энди қаранг, бемалол видеотасмаларга ҳам олиняпти. Шунга айтишса керак-да, “Қаловини топсанг, қор ҳам ёғади”, деб.
Ҳаммасидан эътиборлиси шунда эдики, Файзиев ҳатто сесканмади ҳам. Мен унинг икки қўлини маҳкам сиқиб “баракалла” дедим. Кейин юринг, деб палаталарда ётган ногирон беморларни биргаликда консультация қилдик, дориларига бир-иккита ўзгартиришлар киритдик. Тошкентлик Тўхта опа билан яна учрашдик. Шунда у:
- Менинг икки кўзим сўқир, сизларни фақат эшитяпман, лекин кўрмайман. Болаларим, ҳаммасини охирига етказинглар, менинг бирдан-бир илтимосим шу. Касалликнинг давоси топилибди, деб эшитдик. Бу ерда фақат эски беморлар қолдик, холос. Ишқилиб янгиси чиқмасин.
Шунда Файзиевга қараб, “Эскиларини ўрганиб, янгиларини уйида даволаймиз”, дедим.
Моховхонада Файзиев билан роппа-роса 3 кун қолиб кетдик. Ҳатто томи қулаб ётган архивдан жуда кўп маълумотларни олишга муваффақ бўлдик. Касаллик тарихи, амбулатор карталар, эпидемик карталар, йиллик ҳисоботлар ва эндемик ўчоқлар баёни каби ҳужжатлар шунчалик кўп эдики, улар асосида бемалол 5-10 та диссертация ёзса бўлади. Биз Файзиев билан биргаликда “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида касаллик пайдо бўлишининг ўзига хос эпидемиологик хусусиятлари” мавзусида илмий изланишларни бошлаб юбордик. Ҳатто моховхона тўғрисида илмий оммабоп фильм олишни ҳам ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.
Моховхонанинг тарихи, унда даволанган беморларнинг сони, асосий ташхиси, даволаш услублари, эндемик ўчоқларнинг жойлашиши, хуллас, ҳамма-ҳаммасини энди таҳлил қилиш керак. Лекин қизиғи, бу архив ҳужжатларини ишхонага жойлаштиришнинг иложи бўлмади. Вазирликнинг айрим ходимлари билан фикр алмашган эдик. Шу заҳоти инкор жавоб олдик. Бирданига эндигина илмий ишга қўл урган Файзиев иккиланиб қолди. У менга қараб:
- Домла, энди нима қиламиз? Бунақа муаммолар фақат бизда бор, десам сизларда ҳам етарли экан, - деди.
– Жаноб Файзиев, машинани менинг қишлоқдаги уйимга ҳайданг. Бу ҳужжатлар билан шундай илмий иш қилайликки, ҳамма ҳангу-манг бўлиб қолсин.
Оққўрғондаги уйим (дала ҳовли)га бир соатдан сал ўтар-ўтмас етиб ҳам келдик. Уйнинг энг четидаги хонага архив материалларини жойлаштирдик. Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига тегишли ҳужжатларни эса алоҳида қилиб тахладик. Бир пайт Файзиев: “Домла, шу сасиган, чириган қоғозлардан бирон-бир илмий иш чиқишига ишонасизми?” деб менга қаради.
- Ҳали бу сарғайиб, чириб кетган қоғозлар “сайрайди”. Бизга жуда асқотади.
Эртасига фикрларни жамлаб, Файзиев билан қилинадиган кейинги ишларга режа, илмий тилда айтганда “аннотация” ёздик. Унда, албатта, диссертациянинг мақсад ва вазифаларини белгиладик. Биринчи илмий кенгашдаёқ диссертация мавзусини тасдиқладик. Кенгаш аъзолари мавзуни эшитиб, деярли қаршилик қилишмади.
Дастлабки олинган маълумотлар жуда ҳам сермаҳсул чиқди. Тошкентлик мохов Тўхта опанинг ҳамда Ким аканинг берган маълумотлари архив ҳужжатларидан олинган фикрлар билан деярли бир-бирига мос келди. Беморларнинг уйига ва ҳар хонадонга кириб ўрганганларимиз бир-бирини тўлдирди. Дарҳақиқат, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан аниқланган беморларнинг ярмидан кўпи инқилоб ва уруш давридаги аҳолининг миграцияси сабабли бу ҳудудларга келиб қолган. Шаҳар ва вилоят туманларида касалликнинг эндемик ўчоқлари деярли бўлмаган. Беморларнинг маиший контактларининг асосий қисми узоқ-узоқ юртларда қолиб кетган. Ҳар иккитадан бири сўққабош бўлиб, оила қуришнинг иложи бўлмаган. Беморларни бир умр изоляцияда ушлаш натижасида касаллик аҳоли орасида кенг тарқалмаган. Ушбу маълумотларга таяниб, биз иккимиз дерматовенерологларнинг халқаро анжуманида дастлабки маърузани қилдик. Инглиз тилидаги вариантини аввал Германияга, кейин Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган дунё лепрологларининг конгрессига жўнатдик.
Қизиғи шундаки, Тошкент вилоятидан аниқланган жами 69 та беморнинг 5 нафари япон миллатига мансуб беморлар эди. Қаранг, ҳатто уларнинг касаллик тарихи ҳам япон ҳарфларида ёзилганди. Ҳар бир касаллик тарихи ичида беморларнинг расми ҳам бор эди. Ёзилган ёзувларни танишларимиз ичида ҳеч ким ўқий олмади. Тилшуносларга бордик. Ишимиз юришмади. Ҳатто улар қоғозни қўлига олишдан ҳам бош тортишди. Университетнинг ҳовлисида эски журналист оғайним – Валерийни кўриб қолдим. Қаранг, у ҳеч бир ёмон нарсани хаёлига ҳам келтирмади.
– Оғайни, мен япон элчисини яхши танийман. Кел, у билан келишиб жума куни, кечки пайт элчихонага борамиз. У ерда ҳаммаси япон тилида гаплашишади. Ўйлайманки, бизга ёрдам бера олади, - деди.
Жума куни дўстим Валерий иккаламиз Япония элчихонасига келдик. Ҳужжатларимизни кўздан кечирди-да бир япон йигит бизни жаноб элчининг олдига олиб кирди. Элчи жаноблари Акио Кавато деб ўзини соф рус тилида таништирди. Мен ҳам исм-фамилиямни айтдим. Элчи жаноблари жуда маданиятли экан. Мен берган ҳужжатларни столнинг устидаги оппоқ, худди дастурхон каби буюмнинг устига қўйиб, кўзойнагини тақиб синчиклаб қарадида оригинал деди. У 1946 йилда ёзилган экан.
- Биз бу ноёб ҳужжатларбилан чуқурроқ танишиб чиқамиз. Кейин сизга, албатта, хабар берамиз, - дея миннатдорчилик билдирди. Кейин элчи қўшни хонага кечки овқатга таклиф қилди. Дастурхон усти япон таомлари билан тўлдирилган, “чойдан бошқа ҳаммаси япониядан келтирилган”, деб тушунтириш берди, элчи. Эътиборлиси шундаки, мохов дўхтирини элчихонада салкам бир соат меҳмон қилишди. Суҳбатимиз охирида совға сифатида электрон соат ҳам беришди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин япон ҳарбий маҳбусларининг бир қисми Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри атрофидаги кўмир конларида, яна бир қисми Бекобод шаҳрида, қолганлари эса Тошкент шаҳридаги қурилишларда иштирок этишган. Улар орасидан ҳам моховга чалинган беморлар қайд қилинган. Ҳеч иккиланмасдан беморларни моховхонада даволанишга ётқизишган. Адабиётлардаги маълумотлардан аёнки, мохов касаллиги жиҳатидан Япония давлати шу даврларда етакчи мамлакатлардан ҳисобланган. Географик нуқтаи назардан бу давлат жуда кўп катта-ю кичик ороллардан ташкил топган. Ороллардаги шаҳарларнинг иқтисодий ривожланиши бир-биридан жуда катта фарқ қилган. Кам тараққий этган ороллардаги аҳоли орасида моховга чалинган минг-минглаб беморлар қайд қилинган. Россиянинг Узоқ Шарқ, Амур вилояти, Сахалин ва Камчатка каби оролларида яшаётган маҳаллий аҳоли орасида ҳам касалланиш жуда юқори бўлган. Тарихдан маълумки, 1938-1939 йиллари корейс миллати вакиллари ҳам худди шу ҳудудлардан мажбуран Тошкент вилояти ҳудудига кўчириб олиб келинган. Демак, яна миграциянинг роли катта бўлган. Ҳозирги Сирдарё вилоятидан (аввал Тошкент вилоятига қараган) жами аниқланган 9 та беморларнинг 5 нафари, Жиззах вилоятидан қайд қилинган 5 та беморларнинг 3 нафари, Тошкент вилоятидан аниқланган 62 та беморларнинг 14 нафари корейс, 5 нафари япон, 13 таси қорақалпоқ, 8 таси қозоқ ҳисобланган.
Хўш, касаллик юқумли бўлса, унда нимага аҳоли орасида кенг тарқалиб кетмаган? Бу саволларга энди жавоб топиш керак.
Республика, шаҳар тиббиёт кутубхоналарида адабиётлар билан узоқ вақт танишиб чиқдик, аммо биз истаган, бизга керакли ҳеч нарса топа олмадик.
Кунларнинг бирида ўзининг шахсий ишлари билан Қорақалпоғистондан Владимир Идунов келиб қолди. Икки оғайни мазза қилиб суҳбат қурдик. Япон элчиси билан бўлган суҳбатни айтиб бердим. У эса эшитиб хурсанд бўлди. Унга адабиётлар масаласида бироз қийинчилик борлигини гапирган эдим, у шу заҳоти тўхтанг, деди.
- Сиз бу жойларда моховлар тўғрисида ҳеч қанақа маълумотлар топа олмайсиз. Оғайни, ҳамма нарса сир сақланган. Фақат билса 1-2 та одам билади, холос. Уларга ҳам илм қилишга ҳожат бўлмаган. Россиянинг Астрахан шаҳрида Лепра илмий-текшириш институти бор. Ана шу институтнинг библиотекасида ҳақиқий маълумотларни оласиз. Келаси йили октябрь ойида конференция бор. Ўша ерга сизни албатта таклиф қилишади. Лекин битта нарсани яхши биламан. Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон, Қирғизистон каби Ўрта Осиё Республикалари ҳудудларидан аниқланган барча беморларнинг ҳисоботи ва илмий ишларни Лепра институти ходимлари амалга оширишган. Иттифоқ парчаланиб кетганидан сўнг бу соҳада қилинаётган ишларни ҳеч ким назорат қилмай қўйди. Маҳаллий кадрлар ўзи жуда озчил бўлган, улар ҳам ёши кексайиб нафақага чиқиб кетишган.
- Мохов ёки жаҳон тилида айтганимизда лепра касаллигини микробактериялар қўзғатади. Ҳайвонлар касалликка чалинмайди, демак фақат одам хасталанади. Табиатда касалликнинг манбаи бемор одам. Лекин энди бемалол ишониб айтишим мумкинки, касалликнинг юқиш даражаси силга қараганда юз баробар камдир. Хасталикнинг бирон-бир янги ҳудудда пайдо бўлишида аҳоли миграциясининг аҳамияти катта, - деб маъруза ўқиётгандим директорнинг котибаси сўзимни бўлди:
- Сизни раҳбар чақираяпти, ҳамма ишингизни тўхтатиб, олдига борар экансиз.
Дарров директорнинг хонаси томон юриб бордим. Хонада клиниканинг бош врачи ҳам ўтирган экан. Салом-аликдан сўнг у асосий масалага ўтди.
– Сирдарёдан қўнғироқ қилишди, вилоят ҳудудидан қандайдир моховга ўхшаш бемор аниқланибди. Бориб консултация қилиш керак.
Бир соат ичида “сан.авиация” машинаси келди. Шу пайт бош шифокор қўшимча қилиб гапириб кетди.
– Ука, мабодо мохов ташхиси тасдиқланса, бу жойларга олиб келиб юрманг! Улар жуда хавфли бўлади. Ҳамма ёққа тарқаб кетмасин. Клиникада уни изоляция қиладиган хона йўқ. Тўғри моховхонага олиб бориб ташланг. Яна бизнинг бошимизни қотирманг.
“Сан.авиация” машинасига ўтириб, Сирдарё томон йўл олдик. Ҳайдовчи амаки кўпни кўрган катта ёшли одам экан сўраб қолди:
- Сирдарёнинг қаерига борамиз?
Мен эса аста ютиниб, “Сирдарё туманига” дедим.
- Унда яқин экан. Шундоққина йўлнинг ёқасида. 20 йилдан бери юравериб, шаҳар, туманлар ёд бўлиб кетган.
Шифокор Вера Дмитровнанинг ёнида 28-32 ёшлардаги бемор эркак ўтирарди. Бу киши Ўзбекистоннинг фуқароси эмас. Хонадонларда 5-10 йилдан бери ишлаб юриб, ҳатто уйланишга ҳам улгурган. 3 та фарзанди бор. Эътибор бериб қаралса, қош-киприклари йўқ, қўллари тирсакдан пасти, оёқларининг тиззадан пасти оғриқ сезмайди. Бемор ўзини охирги 3-4 йилдан бери ҳолсиз сезади. Бўғимлари зимдан оғрийди. Бурни билан умуман нафас ололмайди. Авлодида касаллик бор-йўқлигини умуман билмайди. Хотини ўзидан 3-4 ёш катта, маҳаллий қизлардан. Беморни клиник жиҳатдан обдон синчиклаб кўрдик. Аммо эпид анамнезни (тарихини) чуқур ўргана олмадик. Чунки беморнинг ўзи ҳеч нарсани билмайди.
- Вера Викторовна, хўш, лаборатория таҳлилларини қаерда қиламиз, - дедим. – Билмасам, бунақа анализларни ҳеч қачон қилмаганман.
– Ундай бўлса, ҳозир биргаликда беморда микробактериялар бор-йўқлигини текшириш учун биоматериал оламиз. Препарат беморнинг бурун шиллиғидан ҳамда қошининг тепасидаги дўмбоқчалардан қирқиб олинади. 10-20 дақиқада препаратларни ҳам олдик, кейин уларни қуритиб қоғозга ўраб текис қилиб қўйдим.
- Вера Викторовна, беморнинг оилавий аҳволини ўрганинг, асли қаердан келган, манзили ва қариндошларини суриштиринг. Мен эса препаратларни Тошкентга олиб кетиб, ўзимизнинг лабораториямизда текшираман. Натижасини кечқурун телефон орқали етказаман, - деб келишиб олдикда, шошилиб Тошкентга қайтдик.
Тайёр бўялган препаратларни аввал битта шифокорга, кейин иккинчисига, кейин учинчисига яна бошқасига маслаҳат тариқасида кўрсатдим. Эътиборлиси шундаки, биронтаси ҳам мохов микробактерияларни таний олмади, аниқроғи тушунмади ҳам. Қолганлари, ҳатто препаратнинг ёнига келишдан бош тортишди. Аслида бўялган препаратларда моховнинг микроблари қип-қизил бўлиб ястаниб ётар эди. Кечга бориб ўтирган жойимда чуқур нафас олдимда ўзимга ўзим “биринчиси” деб қўйдим.
Эрталаб директор ва бош шифокорга янги бемор аниқланганлиги тўғрисида маълумот бердим. Вера Викторовнанинг айтишига қараганда, бемор Қозоғистон ҳудудига, Жеттисойга қочиб кетган. Асли тожикистонлик экан. 3 кунлик сафарга йўлланма олишга директорнинг олдига кирдим.
- Сен у бемор билан мулоқотда бўлибсан, ҳатто у ёқ-бу ёғини ушлаб терисидан анализ ҳам олибсан. Э бола, яна ҳаммамизга касалликни юқтирмагин. Чет элдан тушган пулингнинг ҳисобидан кетавер, сенга жавоб,- дея ўшқирди.
Аксарият шифокорларнинг бу соҳадаги тажрибасизлиги, лабораторияда мохов микробларини билмасликлари ғазабимни келтирди. Шунинг учун бўлса керак, ўз-ўзимга сўз бердим: давом этаман, изланаман, беморларни даволашни йўлга қўяман. Улардан қўрқишларига барҳам бераман! Шу фикрлар асносида сафарга отландим. Сафарнинг учинчи куни суриштириб-суриштириб беморни Жеттисойнинг тожик маҳалласидан топдим. Агарда Жеттисойлик дўстларим бўлмаганида уни топа олмасдим. Жеттисойда Қопаш деган милиция оғайним бўларди. Бир пайтлар онаси тери касал бўлиб қолганда даволаб бергандим. У билан Жеттисойнинг бозори дарвозахонасида учрашиб қолдик. Дардимни айтган эдим, бир соат ичида ҳаммаёқни остин-устин қилиб юборди. Бутун шаҳарнинг ички ишлар ходимлари оёққа турди. Кейин билсам Қопаш полковник экан.
Эгамберди Эшбоев.
Давоми бор.