Ҳаётга қайтиш: Шифокорнинг кўрган-кечирганлари (9-қисм)

Тошкентга келиб, Қозоғистоннинг Қизил Ўрда шаҳридаги моховхона бош шифокори Аслбек Исмагамметов акага қўнғироқ қилиб, бемор тўғрисида тўлиқ маълумот бердим. Бир ҳафта ўтар-ўтмасдан қозоғистонлик ҳамкасбларим ташхисни тасдиқлаб, беморни даволаш мақсадида стационарга олиб кетишган экан.

Бажарилган ишларнинг ҳисоботини аввал Мэлсга, кейин уни таржима қилиб Германияга жўнатдим. Айниқса, қилинган ишларни фотосуратларга олганим жуда яхши бўлган экан. Беморларнинг суратларини кўрган немис жамоаси тез орада мактуб юборди. “Биз сиз билан ишлаётганимиздан жуда хурсандмиз. Келаси йили февраль ойида Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида халқаро лепрологларнинг конференциясида учрашгунча. Ўйлаймизки, Сиз албатта ўз маърузангиз билан иштирок этасиз”, деб якунлаган мактубни доктор Романа Драбик.

Келаси йили февраль ойигача Андижоннинг Улуғнор туманида яна битта янги бемор аниқланди. Беморни аввал вилоят тери-таносил касалликлари диспансери шифокорлари кўришган. Улар аниқ хулосага келиша олмагач, Андижон тиббиёт институти профессори Шаввоз Аҳмедовичга мурожаат қилган. У кўп гапирмаган. “Тошкентдан лепролог-шифокорни зудлик билан чақиринглар”, деб хонадан чиқиб кетган.

Эртасига эрталабки рейс билан самолётда Андижонга учиб бордим. Беморни четдаги бир хонага изоляция қилишибди. Қаранг, касалликнинг клиник манзараси унинг юзига ёзиб қўйгандай. Ҳамма белгилари мавжуд. Аммо лаборатория изланишларини ким қилади? Ёппасига ҳамма лаборатория хизматчилари бош тортишди. Бош тортиш бошқа гап, аниқроғи, ҳеч ким билмайди. Бу ишларни яна ўзим бажаришимга тўғри келди. Бўялган тайёр препаратларда моховнинг микроблари ғуж-ғуж бўлиб ётарди. Секин профессор Шаввоз Аҳмедовични таклиф қилдим. У шошилмай микроскоп окулярига қаради ва маъқуллаган киши бўлиб, боши билан имо-ишора қилди. Кейин билсам профессор бир йил Қорақалпоғистонда интернатурани ўтаган экан. Ҳатто бир неча бор моховхонада беморларни кўрган. Иккита домла консультациядан кейин биргаликда унинг хонасида тушлик қилдик.

Иккинчи беморда ҳам клиник ташхис тасдиқланди. Энди унинг касаллик тарихини, мулоқотдорларини, умуман шу пайтгача нимага аниқ ташхис қўйилмаганини ўрганиш керак. Эртасига эрталаб бош шифокорнинг даволаш ишлари муовини Мўминжон билан Улуғнорга кетдик.

Улуғнор Андижоннинг энг чет ва энг қолоқ туманларидан бўлиб, ҳатто дерматологнинг ўзи йўқ экан. Беморнинг оиласи жуда ночор – камбағалликдан дарвоза, эшик, ҳатто деразалар ҳам аранг турибди. Ойнаси йўқ. Ромларига турли хил эски латталарни ўраб ташлашган. Бизни кўриб бир пастда кўчага қўни-қўшнилар ҳам йиғилиб кетди. Ҳаммаси “нима гап, нима гап?” деб қайта-қайта сўрашарди. Қаердан эшитса-эшитган патронаж ҳамшира ҳамма ёққа ваҳима “уруғини сепиб” бўлибди. Беморнинг ўғил-қизлари аллақачон жаҳл отига минган. Биз билан ҳатто гаплашишни ҳам хоҳлашмасди. Бир амаллаб Мўминжон иккаламиз уларнинг онаси билан тил топишдик. Туман марказидаги дўкондан совға-салом олиб келдик. Болаларининг оёқларига ҳар хил катталикдаги сандал, тапочка, калиш, пайпоқ, қўйингчи, ёғ, мой, шакар каби маҳсулотларни харид қилдик. Шу пайт сотувчи хотин бегонага ўхшайсизлар, бизнинг маҳалламиздан мохов чиқибди, жуда эҳтиёт бўлинглар, дея бизни огоҳлантирди. Биз унга ҳеч нарсани сезмагандай “раҳмат, саломат бўлинг”, деб чиқиб кетдик.

Одамлар ваҳимани бунчалик хуш кўришадия?! Патронаж ҳамширани топиб унга танбеҳ бердик. Аммо у айтган сўзидан қайтмайди. Жанжални осмонга чиқарди. Кейин билсак туман марказий касалхонаси бош шифокори ҳаммага эҳтиёт чораларини кўриш учун буйруқ берган экан.

Иложимиз қолмади. Тушдан кейин туманнинг ҳамма тиббиёт ходимларини йиғиб, мохов касаллиги тўғрисида семинар машғулот ўтказдик. Касалликни эндиликда бемалол даволаш мумкинлигини, ҳеч қанақа моховхонага олиб кетиш шарт эмаслигини тушунтирдик. Машғулотнинг ниҳоясида оқ-сариқдан келган, ёши 35-40 лардаги шифокор туриб бизга “тиббиёт институтида мохов ўта хавфли касаллик у бедаво, жазоси бир умрга уларни моховхонада сақлаш керак, деб ўргатган бунга нима дейсиз?”, деб савол берди.

- Ҳа, албатта, бир пайтлари шунақа ишлар бўлган, лекин ҳозир ундай эмас. Мохов ўта кам юқадиган касаллик, уни даволаш услублари аллақачон ишлаб чиқилган. Ҳозирги вазиятда ҳам беморни амбулатор шароитда даволаймиз. Илтимос, ҳеч қанақанги ваҳимага ҳожат йўқ, - деб семинарни тугатиб яна Андижон шаҳрига қайтдик.

Эртасига эрталаб ишни кафедрадан бошладик. Юздан ортиқ талабаларга ёши 55-60 дан ошган доцент бақириб, маъруза ўқияпти. “Мохов ўта хавфли касалликлардан бири бўлиб, у жуда тез юқади. Улар билан контактда бўлдингми, тамом, эртами-кеч моховхонага тушасан”. Маърузахонанинг эшиги ланг очиқ экан, уни тақиллатиб ўтиришга ҳожат йўқ эди. Мўминжон билан иккимиз кириб маърузачи домладан ва талабалардан узр сўрадик. Мен ўзимни лепрология соҳасида мутахассис эканлигимни айтдим. Айниқса, тиббиёт фанлари доктори, олий тоифали шифокорман, деганимдан сўнг маърузачи сал ўзига келди.

- Дунё миқёсидаги изланишлар натижасига кўра, мохов касаллиги ўта хавфли касалликлар тоифасига кирмаслиги маълум бўлган. Унинг устига дунёда моховхоналарда ишлаётган, аввал ишлаган биронта шифокор ёки ҳамширага ҳали касаллик юқмаган. Касалликнинг давоси бор. Шунинг учун беморни моховхонага олиб кетишга ҳожат йўқ. Домла, узр, сизни ҳам бир пайтлар эскичасига ўқитишган, ўйлайманки, сиз билан дўст бўлиб қоламиз!

Дўстим Мўминжон билан четдаги хонада бемор билан юзма-юз учрашдик. Шароитни, касалликдан қўрқмасликни, биз берган дори-дармонни вақтида ичиш кераклигини тушунтирдик. Қўлига йўл харажатларини бериб уйига жавоб бердик. Мўминжоннинг хонасида иккимиз фикрлашиб қолдик, хўш дори-дармонини бердик, аммо ейиш-ичиши нима бўлади? Ахир оиласининг топиш-тутиши жуда ҳам ночор-ку! Хуллас, кейин диспансер йигитлари билан гуманитар ёрдам бериб туришга келишиб олдик.

Шанба куни ҳамма бошқа ишларни йиғиштириб дала ҳовлига кетдим. Устимга эски халатимни кийиб, юзимга ниқоб тақиб архив материаллари ичидан Андижон вилоятига тегишли ҳужжатларни, яъни, касаллик тарихи ва амбулатор карталарни тита бошладим. Беморнинг бувиси мохов касаллигига чалинган. Булунғур лепрозориясида 15 йилдан ортиқ даволанган, иккиламчи касаллиги туфайли аҳволи оғирлашган. Бу ҳолатни эшитган катта ўғиллари кампирни касаллигига қарамасдан уйига Избосканга олиб келишган, орадан 7-10 кун ўтмасдан кампир вафот этган. Ўғиллари уйни сотиб ҳозирги Улуғнор туманига кўчиб келишган. Бор-йўғи бир ҳафта давомида 6 ёшли невара кампир билан бир неча бор қисқа муддатли маиший алоқада бўлган холос. Орадан салкам 36 йил ўтгач, бу бола 42 ёшида мохов бўлиб ўтирибди. Кейинчалик суриштирсак, беморнинг бувиси ва буваси урушдан олдин Хитойнинг Ёркент вилоятидан кўчиб келишган. Ушбу бемор ҳақидаги барча тарихий маълумотларни эътиборга олган ҳолда “дерматовенерология” журналида шогирдим билан илмий мақола чоп этдик. Демак, касалликнинг яширин, инкубацион даври 20-30 йиллаб давом этиши мумкинлигига амин бўлдик.

Адабиётларда касалликнинг яширин даври узоқ бўлиши жуда кўп олимлар томонидан қайд қилинган. Лекин мен бир фикрга келдим. Аслида биз касалликнинг дастлабки клиник белгиларини билмаймиз, унинг устига эндемик ўчоқларни унутганмиз. Ахир моховга чалинган беморлар дастлаб кимга боради, оддий қишлоқ шифокорига, кейин йиллаб юради, яна сал мазаси бўлмаса биронта-бир таниш шифокорига учрайди. Қисқаси, касалликни ваҳима қилишдан бошқа у тўғрисида одамларда умуман тушунча йўқ.

Пахта терими тугагач, сафар ҳужжатларимни тўғрилаб, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларига, яъни водийга сафарга отландим. Директор билан хайрлашиб кетайин десам афсус, кирганимга пушаймон бўлдим. – Хўш, нима “янгилик” айтасиз бу сафар? Чет элдан долларни олиб, кайфу-сафо қилиб юрибсиз. Мана бу сизга келган чекни олингда, пулини шу ерга келтирасиз, сиз билан кейин гаплашамиз, деб эшик томон имлади. Тўғриси, чек унинг қўлига қандай тушиб қолганлигини билмайман. Секин машинамга ўтириб, тўғри почтага бордим. Почтачининг гапига қараганда, директор институтга келган ҳамма почтани шахсан ўзи олган экан. Шу тариқа Германиядан менинг номимга келган конвертни ҳам у олган. Эртасига бир-иккита ғаламислар таклифи билан конверт очилган. Қараса, ичида “чек”, унда олинадиган сумма кўрсатилган.

Хўжайин айтганидай бўлди. Пулни аввал долларда, кейин уни сўмга айлантирдик. Ўзиям бир халта бўлиб кетди. Пулни хўжайиннинг хонасига қўйдик. - Гап мундоқ ука, Қорақалпоққа ўзингга, менга самолётга чипта оласан. Фарғонангни қўйиб тур. Бориб моховхонани ўз кўзим билан кўраман. Энди ҳар сафар кетишингдан олдин пулни менинг хонамдан оласан. Гап тамом.

Бир-икки кун ичида Қорақалпоққа учиб кетдик. Аэропортда бизни Владимир Иванович кутиб олди. Салом-аликдан сўнг аввал Соғлиқни сақлаш вазирига учрашдик. Вазир анча ўзгаришлар бўлганлигини, салкам 30-40 км.га газ қувури ётқизганлигини, йўллар таъмирланганлигини хурсандчилик билан айтиб берди. Қишгача касалхонанинг томларини қайтадан тиклашга сўз берди.

- Ҳаммасининг тагида мана шу йигитнинг ташаббускорлиги ётибди, - деб менга қаради. - Америкалик, Германиялик тадбиркорлар ёрдам бермоқда.

Сўнг биз "УАЗ" машинасига ўтириб, Қорақалпоқнинг “Крантау” деган моховхонасига йўл олдик. Аввал саксовулзор, жинғилзорлардан, чўлу-биёбонлардан ўтдик. Кейин катта канал устидаги кўприкдан юрдик. Бу манзарани кузатган директор бекорга “Бу жойларни борса келмас” демас экан, деб бошини ирғаб қўйди. “Бу жойларда адашиб қолиш ҳеч гап эмас”. Унинг оғзидаги гапини Владимир Иванович олиб, “Шу йўллардан йигирма йилдан ортиқ юрамиз. Мана, сафимизга ёш дўхтирлар қўшилмоқда. Моховлар билан юзма-юз юрсанггина унинг дардини тушунасан”, дея қўшимча қилди. Бу гаплар албатта директорга унчалик ёқмади. Бирдан шофёр йигит УАЗ машинасини моховхонага олиб борадиган йўл бошида силтаб тўхтатди. Владимир Иванович моховхонанинг таъмир талаб иморатлари-ю, беморлар ётган уйларни бирма-бир кўрсатди. Шунда директор:

- Нима, улар эр-хотин бола-чақаси билан бир уйда ётадими? -  дея саволга тутди Владимир Ивановични.

- Йўқ, йўқ, уларнинг кўпчилиги касалхонада турмуш қуришган, кейин алоҳида икки хонали уй берганмиз. Ҳов анави ўйнаб юрган болаларнинг айримлари ходимларники, айримлари эса беморларнинг неваралари. Улар бир-икки ойда келиб туришади. Мана шу катта асфальт йўлнинг ўнг томони соғлом зона, чап томони эса беморлар яшайдиган зона дейилади. Анави қишлоқда юздан ортиқ хўжалик туради. Уларнинг кўпчилиги 30-40 йил ичида касалхонадан даволаниб чиқиб кетган ва ўлган беморларнинг кейинги авлоди. Ҳозир улар орасида беморлар йўқ. Улар ҳаётдан кўз юмишган. Чап тарафингиздаги ушбу иморатда оиласи йўқ ёки ногирон беморлар ётади. Хоҳласангиз, биргаликда кирамиз, - деб сўзини давом эттирди Владимир Иванович.

Шунда директор шофёр йигитга қараб,  “машинангни олиб кел, энди қайтайлик, самолётда бироз чарчадим шекилли”, деди-да худди биров пайқагандай атрофга аланглади. Шофёр йигит орқага қайтишда "УАЗ"ни секин ҳайдади. Сукунат. Ҳамма жим кетарди.

Меҳмонхонада директор билан ёнма-ён хоналарга жойлашдик. Кечки овқатни бирга қилдик. Официант аёл музлатгичдан 3-4 шиша қатиққа ўхшаш ичимлик олиб келдида, бу “шубат” деди: “Туянинг сутидан қилинган, минг хасталикка даво, мана марҳамат, ичинглар”.

Директор биринчилардан бўлиб, шартта бир шишани симириб ичиб ташлади. Хўжайиннинг рангига қараб мен ҳам бир стакан ичдим, тўғриси унчалик хушламадим. “Ўйлаганинг моховхона бир ёйилиб шубат ичмайсанми? Ҳам иммунитетингни оширади, ҳам касал бўлмайсан” деди директор. Официант қиз овқатни олиб келгунича директор иккинчи шишадаги шубатни ҳам ичиб ташлади.

Кечки овқатдан сўнг хона-хонамизга тарқалдик. Телевизорнинг овози қаттиқроқ бўлиб кетдими чамаси, директор уйғониб менинг хонамга чиқди.

– Эй, мохов дўхтири, бироз мазам бўлмаяпти, қорним бураб оғрияпти, деди хомуш тортиб. Шубат хўжайиннинг қорнига “тўғри келмади” назаримда. У эса тонггача қорин оғриғи билан курашиб чиқди. Эртасига кечки рейс билан уйга қайтдик.

Икки-уч ҳафта ўтиб, сафаримни Фарғона водийси бўйлаб Наманган вилоятидан бошладим. Вилоятда жами аниқланган беморлар 60-70 йил ичида жами 14 та бўлган, улардан бор-йўғи бир нафари тирик экан. Наманганлик Ваққос ака менга ҳамроҳ бўлди. – Ука, деди, иложи бўлса эртага эрталаб салқинда йўлга чиқсак. Бемор Янгиқўрғоннинг тоғли ҳудудида туради. Саҳар бормасак қайтишимиз қийин бўлади, қоронғуга қолиб кетамиз.

Эгамберди Эшбоев.

Давоми бор.