Ҳоким бошчилигидаги масъуллар Самарқанд шаҳрида бунёд этилаётган ХОСПИС биноси қурилиш ишлари билан танишди
Вилоят ҳокими бошчилигида бир қатор масъуллар Самарқанд шаҳрида барпо этилаётган 50 ўринли ХОСПИС (касалликнинг охирги босқичида тузалмайдиган (асосан, онкологик) беморларга аҳволини енгиллаштирувчи, уларга ёрдам кўрсатувчи тиббий ва ижтимоий муассаса) биносида олиб борилаётган қурилиш-тиклаш ишлари билан танишишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Жараёнда қурилиш-тиклаш жараёнида алоҳида эътибор талаб этиладиган ҳолатлар бўйича “Қобил Мирза” ХИЧК пудратчи ташкилотига зарурий тавсиялар берилди.
Бугунги кунда вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачилигида “Самтиблойиҳа” МЧЖ томонидан Самарқанд шаҳрида 50 ўринли ХОСПИС биносини ташкил этиш бўйича 7 миллиард 611 миллион сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУК Самарқанд вилояти филиалининг экспертиза хулосаси олинган.
“Қобил Мирза” ХИЧК пудратчи ташкилоти томонидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётган ушбу объектда 4 та бинонинг томини ёпиш ишлари тўлиқ тугатилган. Ички деворларини бузиб, лойиҳа бўйича хоналар барпо қилинган. Электр-монтаж, ромлар ўрнатиш ишлари, биноларнинг ички ва ташқи сувоқлари тўлиқ бажарилди.
Ҳозирда пардозлаш ишлари кетмоқда.