Ҳоким ижодкор ва ижтимоий тармоқларда фаол ёшлар билан учрашди
Эртанги кунимиз қандай бўлиши авваламбор, мақсадларимизга, билимларимизга, кўникмаларимизга, ижодимиз ва тарбиямизга боғлиқ. Ушбу мақсадга эришишда албатта, ёшларга ишонч билдирилади. Ўзининг фикрига, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ёшларга суянилади. Ижодкор, ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ёшлар билан ўтказилган вилоят ҳокимлигининг учрашувида шу масалалар ҳақида сўз юритилди.
Учрашувда таъкидлаганидек, жамият ривожида ёшларнинг ўрни катта. Барча соҳаларда фаол бўлиш ва ташқи кузатувчи бўлмаслик жуда муҳим. Кўплаб жамоат ташкилотлари мавжуд. Аммо уларнинг фаолиятидан халқимиз хабардор эмас. Оммавий ахборот воситалари ва блогерлар фаолияти туфайли ҳудудларимизда бўлаётган ислоҳотлар ва мавжуд муаммолар ҳақида халқимиз хабардор бўлмоқда. Кўп соҳаларда муаммолар мавжуд. Улар ўз-ўзидан ҳал бўлмайди. Кўплаб масъуллар муаммоларни яширишдан манфаатдор. Ёшлар ҳам жамоатчилик назоратини ўрнатиб, муаммолар мавжудлигини билдириши керак.
Учрашувда ёшларнинг фикр ва мулоҳазалари, талаб ва таклифлари тингланди.
Абдулазиз Суяров сайёҳлар учун нафақат мамлакатимизда бўлишни осонлаштирадиган, балки вилоят иқтисодиётига фойда келтирадиган платформани ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Меҳрож Исаев эса шошилинч тиббий ёрдам ишида беморларнинг манзилини тезда топишга ёрдам берадиган махсус электрон мобил тизимни жорий этишни билдирди.
Мулоқот самимий руҳда ўтди.
Тадбир якунида бундай учрашувлар муаммоларни биргаликда ҳал қилишга ёрдам бериши, амалга оширилаётган ўзгаришларга, ислоҳотларга, мамлакат ривожига бефарқ бўлмаган ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши таъкидланди.