Ёшлар муаммоси тингланди, ечимини ким таъминлайди?

Жорий йилнинг 25 июнь куни вилоят ҳокими Э.Турдимов ёшлар билан онлайн учрашув ўтказгани, уларнинг талаб-истакларини эшитгани, бу муаммолар ечими юзасидан чоралар кўргани ҳақида хабар қилган эдик.

Учрашувда ёшлардан 122 та мурожаат қабул қилинган.

Шундан сўнг вилоят ҳокими раислигида 1 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосарлари, масъул ходимлар, туман (шаҳар) ҳокимликлари, вилоятдаги бошқарма ва ташкилотлар раҳбарларига ёшлар томонидан билдирилган мурожаатларни мазмунан ҳал этиши юзасидан аниқ вазифалар юклатилди. Мурожаат мазмунидан келиб чиқиб, ижро учун 3 кундан 1 ойгача муддатга муҳлат берилди. 

Биз ана шу топшириқлар ижросини ўрганишга уриниб кўрдик. Чора-тадбирлардаги манзиллар билан боғландик. 

Тойлоқ туманида истиқомат қилувчи Парвиз Қурбоновнинг айтишича, уч ойдан буён томорқасидан 6 сотихлик замонавий иссиқхона қуришга ҳамда қандолат цехи очиш учун имтиёзли кредит олишга ҳаракат қилмоқда. Вилоят ҳокимига мурожаат қилганидан сўнг масалага ижобий ечим топиш вазифаси Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи О.Тўхтаев ҳамда Тойлоқ тумани ҳокими Б.Бобоназаровга юклатилган. Бироқ 7 кун ўтса ҳам Парвизнинг муаммоси билан мутасаддилар қизиққан эмас. 

“Акфа” эшик ромлари ясаш учун 12 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилишида амалий ёрдам сўраган қўшработлик Бекзод Анваровнинг мурожаати бир ҳафта ичида ўрганиб чиқиш белгиланган бўлса-да, аммо ҳалигача у билан ҳеч ким хабарлашмаган. Ўзининг билдиришича, карантин шароити сабабли туман ҳокимлигига киролмаган, “Агробанк”нинг туман бўлими ходимлари эса кредит учун пул йўқлигини айтишган. 

Ургутлик Ҳаловат Маҳкамова тумандаги 1-умумий ўрта таълим мактабига кимё-биология хоналарини махсус жиҳозлар билан таъминлашни сўраган. Аммо унинг ҳам мурожаати бўйича ҳеч ким қўнғироқ қилмаган, муаммо ҳалигача ҳал этилмаган. Ваҳоланки, Ҳаловатнинг мурожаатини бажариш Ургут тумани ҳокимлиги ва вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддиларига юклатилган. 

Пахтачилик Маржона Ҳамроева шу йил тиббиёт коллежини битиргани, мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмаётгани ҳақида мурожаат қилган. Афсуски, Маржона ҳам ҳанузгача ишсиз экани, иш топишга муҳтожлигини билдирди. Қизнинг мурожаати ижросига негадир на вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, на вилоят бандлик бош бошқармаси мутасаддилари эътибор қаратган. 

Шуниси таажжублики, вилоят ҳокимига мурожаат қилган ёшлар рўйхатида исм-фамилиялари ва телефон рақамлари ёзилган баъзи йигит-қизлар ҳеч кимга, ҳеч қандай мурожаат қилмаганини билдирдилар. Баъзиларининг эса телефон рақамига тушишнинг иложи бўлмади. 

Вилоят ҳокими ёшлар билан учрашувидан мақсад уларнинг муаммоларини ҳал этиш орқали жамиятга янги, жўшқин кучларни жалб этишдир. Мутасадди идоралар раҳбарларининг бундай хайрли ишга панжа орасидан қараганини қандай тушунса бўлади? 

Биз юқорида ёшларнинг уч кун ёки бир ҳафта муддат ичида кўриб чиқилиши белгиланган мурожаатлари юзасидан суриштирдик, холос. Бир ойдан сўнг қолган мурожаатлар натижасини ҳам ўрганамиз ва бу ҳақда муштарийларни хабардор этамиз. 

Хуршида Эрназарова, 

«Зарафшон» мухбири.