Ҳоким ўринбосарига Кенгаш сўрови юборилади
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссиялари раисларининг йиғилишида бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси Ф.Тошев олиб борган йиғилишда халқ депутатлари вилоят Кенгаши фаолиятини намунали ташкил этиш, шаҳар ва туманлар Кенгашлари фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Депутатлар дастлаб ўзлари иштирок этган шаҳар ва туманлар Кенгаши сессияларининг ўтиши тўғрисида ахборот бердилар.
Таъкидландики, айрим туманларда сессияни ташкил этишга панжа орасидан қаралмоқда: муҳокамага қўйилган масалалар материаллари депутатларга сессия бошланишида тарқатилади, маърузачилар яхши тайёрланмайди, депутатлик гуруҳлари, доимий комиссиялар раислари муҳокама чоғида муносабат билдиришмайди. Қабул қилинган қарорлар бандларида ижро муддати аниқ кўрсатилмайди.
Фикр-мулоҳазалар давомида кўзга ташланаётган муаммолар ечими юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юбориш масаласи ўртага ташланди. Хусусан, аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссияси раиси Бахтиёр Абдуллаев Самарқанд шаҳридаги чиқиндихоналарнинг кириш ва чиқиш жойларига дизенфекцияловчи тўсиқлар ўрнатиш зарурлигини қайд этди.
- Бу масала бугунги пандемия шароитида айниқса муҳим аҳамиятга эга, - дейди Б.Абдуллаев. - Негаки, чиқиндихоналарга кириб чиқаётган автомашиналар у ердан лой ва чанг билан бирга турли вирусларни “олиб чиқаётган” бўлиши табиий. Бутун дунёга хавф солаётган тождор вирус кенг тарқалаётган пайтда аввало, ҳамшаҳарларимиз саломатлиги учун, шаҳар ташқарисидаги чиқиндихоналарда дизенфекциялаш тадбирларини мутлақо кечиктириб бўлмайди.
Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия раиси Феруз Насруллаев Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган қурилишлар тўғрисида ҳам шундай фикр билдириш мумкинлигини билдирди.
- Муҳокамалар давомида нафақат Самарқанд шаҳри, балки бошқа ҳудудларда ҳам қурилиш-бунёдкорлик ишларида назорат етарли эмас, деган хулосага келинди ва эксперимент сифатида парламент сўрови каби Кенгаш сўрови амалиёти қўлланадиган бўлди, - дейди Ф.Тошев. – Шу сабабли пандемия шароитида қурилиш объектларида белгиланган тартибга риоя этилиши юзасидан вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммунукациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарига сўров юборилади.
Шу каби назорат-таҳлил ишлари кўламини кенгайтириб боришга келишилган йиғилишда галдаги масалалар, шаҳар ва туманларда ўтказиладиган сессияларда халқ депутатлари вилоят Кенгашидан сайланган депутатларнинг иштирокини таъминлаш, навбатдаги сессияни жонли, самарали ўтказиш юзасидан фикрлашиб олинди.