Ҳокимлар аҳолига мурожаат қилди, келгуси режалар ҳақида фикрлашди

Аввал хабар қилганимиздек, кеча, 12 декабрь куни халқ депутатлари Булунғур, Жомбой, Тойлоқ туманлари кенгашларининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Халқ депутатлари Булунғур тумани кенгашининг сессиясида туман ҳокими Баҳодир Баҳромов 2020 йилда туманда амалга оширилган ишлар, 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида аҳолига мурожаат қилди.

Таъкидланишича, пандемия таъсири натижасида туманда январь-август ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 173 млрд. 102 млн. сўмга ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 71,9 фоизга  бажарилган.

Кўрсаткични ошириш мақсадида туманда фаолият кўрсатаётган 221 та саноат корхонасининг ҳар бирига тумандаги иқтисодий комплексдан 35 та масъул ходим бириктирилган. Уларнинг фаолияти ўрганилиб, ишчи гуруҳлар томонидан 221 та корхона хатловдан ўтказилган. Ўрганиш натижаларига кўра, корхоналар фаолияти мониторинг қилиниб, 27 таси 75 фоиз қувватда, 32 таси 50 фоиз қувватда, 41 таси 25 фоиз қувватда ишлаётганлиги аниқланган.

Ушбу корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга чиқариш, туман иқтисодиётини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммолари, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича таклифлари ўрганиб чиқилган ва ҳал этилган.

Мисол учун, “Булунғур-Сандвик” қўшма корхонасининг 88 миллиард сўмлик қўшилган қиймат солиғи қайтариб олинди.

“Шоҳжаҳон Абдулазиз” оилавий корхонаси ва “Давлатбек ҳалол номи” МЧЖга давлат ресурслари ҳисобидан ун фонди ажратилди.

31 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит олган “Греен агро экспорт” МЧЖга фаолиятини изчил йўлга қўйиб олиши учун 550 миллион сўм миқдоридаги кредитнинг асосий тўловига имтиёзли муддат қўшиб берилди. 

Мурожаатда ҳоким кўпроқ коммунал соҳадаги муаммо ва уларни ечиш имкониятларига тўхталди.

Қайд этилишича, бугунги кунда туман бўйича 360 километр ички йўллар таъмирталаб.

Жорий йилда лойиҳа қиймати 1 миллиард 500 миллион сўм бўлган 15 та кўчада 7,1 километр ички йўллар таъмирланган. 2021 йилда 2 миллиард 4 миллион сўмлик 15 та маҳалла ҳудудидаги 10,2 километр масофага эга 22 та кўча таъмирланади.

Жорий йилда 25 километр электр симларига алмаштирилди, қўшимча 18 та трансформатор ва 208 та темир бетон устунлар ўрнатилди. 2021 йилда 500 дона темир бетон устунлар ва 23 дона трансформатор ўрнатилади.

Газ таъминотини яхшилаш борасида бу йил 1,4 километр янги газ тармоқлари қурилиб фойдаланишга топширилди, 2021 йилда Булунғур шоҳ кўчасидан Форобий кўчасигача бўлган жойдаги ер ости газ қувури алмаштирилади, Ўзбекистон кўчасидан Соболоқ кўчасигача 1,3 километр янги газ қувури тортилади. Натижада 1300 хонадонда газ таъминоти яхшиланади.

Бугун туман аҳолисининг тоза ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 83,1 фоизни ташкил этади. 2021-2023 йилларда туманда ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 39 ҳудудда 22 та сув иншооти қурилади ва 17 та мавжуд сув иншооти реконструкция қилинади, 52,6 километр сув тармоқлари тортилади. Натижада 12 402 нафар аҳоли ичимлик сув билан таъминланади, 8 093 нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади.

***

Халқ депутатлари Жомбой тумани кенгашининг сессиясида туман ҳокими Қ.Собиров жорий йил бошидан буён туманда ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида умумий қиймати 430 миллиард сўмлик 41 та лойиҳа ишга туширилганини таъкидлади.

Жумладан, саноатда 86 миллиард сўмлик 13 та, қишлоқ хўжалигида 308 миллиард сўмлик 15 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 36 миллиард сўмлик 13 та лойиҳа рўёбга чиқарилган. Натижада 545 та янги иш ўрни ҳамда 5 миллиард сўмлик қўшимча солиқ базаси яратилди.

Йил якунига қадар умумий қиймати 36 миллиард сўмлик 5 та лойиҳа ишга туширилиб, 76 та янги иш ўринлари яратилади.

Туманда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 21,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Шундан 9,8 миллион доллар саноат, 11,4 миллион доллар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келган.

Йил якуни билан 26,1 миллион долларлик, шундан 10,8 миллион доллар саноат маҳсулотлари, 15,3 миллион доллар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилиниши кутилмоқда.

2021 йилда 45 миллион доллар  миқдорида экспорт амалга оширилиши белгилаб олинган. Жумладан, 9 миллион долларлик саноат, 36 миллион долларлик мева-сабзавотларни хориж бозорига етказиб бериш мақсад қилинган.

Бугун туманда 18-30 ёшгача бўлган аҳоли сони 41 минг 830 нафарни ташкил қилади. Ҳоким мурожаатида уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун зарур шароит яратиш, иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Шу пайтгача уларга “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида 20 миллиард сўм, “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури асосида 600 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган. Келгуси йилда ёшларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга янада кўпроқ эътибор қаратилади.

***

Халқ депутатлари Тойлоқ тумани Кенгашининг сессиясида ҳам туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров депутат ва аҳолига жорий йилда эришилган ютуқлар ва келгуси режалар ҳақида мурожаат қилди.

Таъкидландики, туманда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 2019 йил якуни билан 1,1 триллион сўмни ташкил қилиб, аҳоли жон бошига 5,6 миллион сўмни ташкил қилган бўлса, жорий йил якуни билан 1,2 триллион сўмга (ўтган йилнинг мос даврига 102,1 фоизга кўп) ва аҳоли жон бошига 6,2 миллион сўмга етказишни, шунингдек, 2021 йил биринчи ярим йилликда 619,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришни ёки ўтган йилнинг мос даврига 111,5 фоизга ошириш режалаштирилган.

Б.Бобоназаров 2021 йилга мўлжалланган истиқболли режалар ҳақида батафсил маълумот бериб, белгиланган вазифаларни амалга оширишда депутатлар, тадбиркорлар ва аҳолидан фаол бўлишларини сўради.

***

Сессиялар якунида туманлар ҳокими ва секторлар раҳбарлари иштирокида матбуот анжуманлари ўтказилди. Унда сессияда иштирок этган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва тадбирни ижтимоий тармоқлар орқали кузатган фуқароларнинг саволларига жавоб қайтарилди.