Вилоятдаги барча туман, шаҳар ҳокимлари Пахтачида бўлди
Самарқанд вилоятидаги 16 та туман ва шаҳарлар ҳокимлари, 1-сектор раҳбарлари ва котиблари ҳамда тегишли вилоят бошқармалари масъул раҳбарлари бугун Пахтачи тумани 1-сектор ҳудудида секторлар фаолиятини сифат жиҳатидан яхшилаш ҳамда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижадорлигига қаратилган семинарда иштирок этди.
Барча сектор раҳбарлари ҳамда семинар иштирокчилари эрта тонгдан Пахтачи тумани ҳокимлиги биносида йиғилди, муқаддас Қуръон тиловати ва қурбонлик қилинди. Шундан сўнг, 1-сектор ҳудудида амалга оширилган ишларни ўрганиш киришилди.
Жумладан, ҳозирги кунда аҳоли томорқасидан кенг фойдаланиш борасида қилинган ишларни жойларда ижросини ўрганиш мақсадида, туманнинг “Ёбу” маҳалласидаги фуқаро Анвар Давлатов ҳамда “Истиқбол” маҳалласидаги Фарҳод Давлатов хонадонларидаги томорқалар фаолияти билан танишилиб, томорқадан самарали фойдаланиш ва даромад манбаига айлантириш орқали оиланинг моддий имкониятларини кенгайтириш мумкинлиги хонадон эгалари томонидан кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, “Ёбу” маҳалла маркази биносида маҳалла фуқаролар йиғини масъулларининг ишлашлари учун яратилган шарт-шароитлар ва иш жараёнларни ўрганилди ҳамда семинар иштирокчиларининг саволларига маҳалла масъуллари томонидан батафсил маълумотлар берилди.
Шу билан биргаликда, ҳудуддаги “Бурқут” маҳалласида ташкил топган “Бурқут иссиқхона комплекси”даги “Ziyovuddin Invest Textile” МЧЖнинг “Иссиқхона ташкил этиш” лойиҳа иссиқхонаси, “Фактор люкс Рухшона" замонавий узумзор лойиҳаси, “Пахтачи аҳоли томорқа хизмат" лойиҳалари фаолияти ўрганилди.
Бундан ташқари, туманнинг “Қўшховуз” маҳалласида ташкил этилган оилавий тикувчилик цехларининг иш фаолияти, яратилган шарт-шароитлар ва меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан яқиндан суҳбат ўтказилди.
Шу ернинг ўзида, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан “Қўшховуз” маҳалласида жойлашган маҳалла тиббиёт пункти фаолияти ва маҳалла фуқароларининг саломатлигини муҳофаза қилиш учун яратилган шароитлар, бирламчи ёрдам, тез тиббий ёрдам ва бирламчи тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича батафсил маълумот берилди.
Семинар якунида барча иштирокчилар 1-сектор штаби, сектор аъзоларининг фаолияти билан батафсил танишиб, секторда ташкил этилган иш жараёни ва аҳоли мурожаатларини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Семинар якуни бўйича билдирилган таклифлар асосида Пахтачи тумани 1-секторининг амалий иш тажрибасини вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги секторлар фаолиятига кенг жалб этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.