Ҳокимликлар тадбиркорлардан «снос» учун 123 миллиард сўм қарздор
Бугунги кунда маҳаллий ҳокимиятларда «снос» туфайли 349 нафар тадбиркордан 123 миллиард сўм қарздорлик мавжуд. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувда маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz».
«Барча вилоят ҳокимларини огоҳлантираман: 1 сентябрга қадар тадбиркорлар билан барча ҳисоб-китоблар якунига етказилиши, бир сўм ҳам қарздорлик қолмаслиги шарт», деди давлат раҳбари.
Февралда Бош прокуратура 2020 йилда бузилган мулклар бўйича етказилган зарарларнинг атига 45 фоизи мулк эгаларига қоплаб берилганини маълум қилган эди. «Снос» бўйича энг кўп ноқонуний қарорлар Андижон вилоятида қабул қилинган бўлиб, Тошкент шаҳри эса тўланмаган товон пули миқдори бўйича етакчи ҳисобланади.