Ҳомийлар нега спорт федерацияларига ёрдам бермаяпти?

Спорт турларини оммалаштириш, мусобақалар ташкил қилиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларни терма жамоалар таркибига етказиб бериш спорт федерацияларининг асосий вазифаси. Хўш, вилоятдаги федерациялар шуларни эплаяптими?
- Спорт турлари бўйича вилоятимиздан Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига жорий йилда 1232 нафар (асосий таркибга 750 нафар, захира таркибга 482 нафар) спортчи қабул қилиган, - дейди вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бўлим бошлиғи Аҳрор Шамсиев. – Олти ой давомида вилоятимиз спортчилари Ўзекистон кубоги ва чемпионатларида 523 та олтин, 554 та кумуш, 730 та бронза, жаҳон, Осиё ва халқаро спорт мусобақаларида 51 та олтин, 62 та кумуш, 75 та бронза, жами 1995 та медални қўлга киритди.
Аммо ярим йилликда амалга оширилган ишлар таҳлилига кўра, айрим спорт федерациялари ўзини кўрсата олмади. Дзюдо, эшкак эшиш, юнон-рум кураши, енгил атлетика, гимнастика, кураш ва самбо спорт федерациялари қониқарли натижа кўрсатган бўлса, 20 та спорт тури - бокс, баскетбол, сузиш, гандбол, эркин кураш, волейбол... ўрта ва 5 та спорт тури қиличбозлик, от спорти, спортнинг техник ва ўқ отиш, теннис ва регби турлари федерациялари қониқарсиз натижа кўрсатди. Шунингдек, жорий йил бадминтон, пенчак силат, кикбоксинг, шотакан каратэ, ўзбек жанг санъати федерациялари Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига умуман спортчи етказиб бермади.
Хўш, федерациялардаги асосий муаммо нимада?
- Бадминтон олимпия спорт турига киради, - дейди бадминтон федерацияси вилоят бўлими ижрочи директори Марат Муҳаммадиев. - Федерациянинг вилоят бўлими 2014 йилда ташкил этилган. Ҳозирги кунда 1000 нафардан зиёд ёшлар 35 нафар тренер қўл остида бадминтон билан шуғулланиб келмоқда. Федерация учун база мавжуд. Жорий йил федерация томонидан республика терма жамоасига спортчилар етказиб берилмади. Чунки тизимда ечимини кутаётган муаммолар бор.
Хусусан, федерацияга “Kapalansersam”, “Sam-Antep-Gilam” қўшма корхоналари ва “YA tekstil group” МЧЖ ҳомийлик қилади. Бироқ ҳомийлардан бир неча марта ёрдам сўрасак ҳам рад жавобини беряпти. Шунингдек, Иштихон, Булунғур, Нуробод, Жомбой туманлари ва Каттақўрғон шаҳридаги спорт мактабларида бадминтон бўйича тренерлар умуман йўқ. Ҳатто ўтказиладиган мусобақаларга ушбу ҳудудлардан спортчилар ҳам қатнашмайди. Спорт жиҳозлари етишмаслигини айтмаса ҳам бўлади.
Шотакан каратэ федерацияси ижрочи директори Раҳим Қодировнинг таъкидлашича, вилоятда шотакан каратэ ноолимпия спорт тури билан 100 га яқин спортчи шуғулланади, уларга бор-йўғи 5 нафар тренер машғулот ўтади, холос. Бунинг устига федерация базага эга эмас, ҳомий бириктирилмаган. Шу боис шотакан каратэ спорт туридан деярли мусобақалар ташкил этилмайди.
Бундан кўринадики, мутахассислар камлиги, спорт базалари ва жиҳозларининг етишмаслиги ҳамда ҳомийлар билан боғлиқ муаммолар спорт федерацияларининг фаолияти ва рейтингига салбий таъсир қилмоқда. Юқоридаги ҳолатлар ечими юзасидан мутасаддилардан изоҳ кутиб қоламиз.
Фазлиддин Рўзибоев.