Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳовлисига каннабис эккан қария ушланди

Билиб-билмай тўғри йўлдан адашган ёшларни тартибга чақириш, уларга панд-насиҳат қилиб йўлга солишда ёши улуғ инсонларнинг муҳим ўрни бор. Аммо кичикларга насиҳат қиладиган ёшдаги кишининг йўлдан озишини қандай изоҳлаш мумкин? Аслиддин Ахадовнинг қилмиши ҳам кўпчиликни таажжубга солди.                            

У ёши бир жойга борганда нафсининг йўлига юрди. Ҳовлисининг четида марихуана (каннабис) уруғини экиб, етилган оғуни йил давомида истеъмол қиларди. Унинг бу қилмиши  турмуш ўртоғига ҳам, оиланинг бошқа аъзоларига ҳам маълум эмасди. Шу сабабдан уни бу зарарли одатдан қайтарадиган киши топилмади. Оғу эса уни ўз комига тортиб борарди. У яна ҳовлининг кўздан узоқроқ бир четига каннабис экиб, парваришлай бошлади. Аммо “ўсимлик” етилган сари унинг хавотири ҳам ортиб борарди.  

...Кўча эшигининг тақиллаши А.Ахадовни хушёр торттирди. Эшикни очганида Самарқанд тумани ички ишлар бўлими ходимлари гиёҳванд моддаларга қарши курашиш тадбирларини ўтказаётгани, унинг хонадонини ҳам қонун доирасида кўздан кечиришларини айтишди.        

 Кузатув давомида ҳовлининг чап томонидаги деворга суяб қўйилган эски дераза роми ИИБ ходимлари эътиборини тортди. Улар адашмаган эди. А.Ахадов айни шу жойга кўздан пана бўлиши учун икки дона металл тувакларга экилган беш дона марихуана ўсимлиги устидан эски дераза ромини деворга суяб қўйган эди. Аммо бу хийласи панд бериб, уни фош этди. 

А.Ахадов жавобгарликдан қутилиб қолиш учун соғлиги ёмонлиги, буларни дори сифатида истеъмол қилишини айтди. Аммо тиббий экспертиза хулосасидан сўнг у алкоголь ёки гиёҳвандлик билан хасталанмагани ва тиббий йўсиндаги мажбурий даволанишга муҳтож эмаслиги маълум бўлди.

Жиноий иш юзасидан барча ҳолатлар ўрганилиб, суд томонидан А.Ахадовнинг қилмишига қонуний жазо тайинланди.

Д.Нуралиев,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд туман суди судьяси.