Ҳудудий тренерлар ўқуви бошланди

Самарқанд шаҳрида сайлов жараёни иштирокчиларининг малакасини оширишни ташкил этиш бўйича семинар-тренинг ўтказилмоқда.

Жорий йилда мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа – Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Бу муҳим сиёсий кампанияда сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари, фуқароларнинг фаоллиги сайловларнинг умум эътироф этилган халқаро стандартлар, принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтказилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг чуқурлашгани, фуқароларнинг сиёсий онги ҳамда фаоллиги юксалганлиги, хусусан, сўз эркинлигига берилаётган эътибор сайловни ўтказишда янги талабларни қўймоқда. Бу эса, сайлов жараёнларини қонунчиликка мос тарзда уюшқоқлик билан ташкил этиш учун участка сайлов комиссияси аъзолари ҳамда сайлов жараёнида иштирок этувчиларнинг билими ва кўникмаси юқори даражада бўлишини талаб этади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси тасдиқланган. Шунингдек, сайлов ва сайловолди жараёнларни қонунда белгиланган тартибда, юқори савияда ташкил этиш учун сайлов жараёни иштирокчиларининг ижтимоий-сиёсий соҳага оид билимлари ва амалий кўникмаларини янада ошириш, мамлакатимиз сайловчилари ва сайлов ташкилотчиларининг амалдаги сайлов институтларига ишончини мустаҳкамлаш ҳамда уларда дахлдорлик ҳиссини юксалтириш мақсадида жорий йилнинг 27 апрель куни Марказий сайлов комиссияси билан Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.

Ана шу ҳужжатлар жорий йилнинг апрель ойидан сайлов комиссиялари аъзолари ва сайлов жараёнининг бошқа ташкилотчилари учун тўрт босқичли семинар-тренинглар бошланди.

– Дастлабки босқичда пойтахтимизда ўқувлар ташкил этилиб, республика тренерларнинг билим ва малакаси оширилди, – дейди Тошкент давлат юридик университети профессори вазифасини бажарувчи Олим Нарзуллаев. – Улар зарур қўлланма ва тарқатма материаллар билан таъминланди. Энди эса иккинчи босқичда ҳудудий тренерлар ва сайлов жараёни иштирокчиларининг малакаси оширилмоқда. Машғулотлар интерактив усулда ташкил этилиб, иштирокчилар билан мулоқот, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш тарзида ўтказилмоқда. Ҳар бир мавзу бўйича савол-жавоблар, тест синовлари ўтказилиб, билимлар мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, ҳар бир мавзуси бўйича тайёрланган 15-20 дақиқалик видеодарслар ўқув жараёнида фойдаланиш учун ҳудудий тренерларга тақдим этилмоқда. Улар кейинги босқичда туман, шаҳарларда шундай семинарларда сайлов жараёни иштирокичиларини ўқитадилар, уларга ўз тажрибаларини ўргатадилар.

Семинар тренингда 72 нафар ҳудудий тренерлар ҳамда сайлов жараёнининг бошқа иштирокчилари қатнашмоқда. Ўқувнинг очилишида Марказий сайлов комиссияси вакиллари, Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари, секторлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Ўқув қатнашчилари намунавий тарзда ташкил этилган сайлов участкаси ва бу ерда амалга ошириладиган тадбирлар билан таништирилди.