Ҳудудлар демократик бошқарув принципига ўтади, келгусида ижро ҳокимиятига бошқа, вакиллик органига бошқа раҳбар бўлади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталидаги янгиликлардан шундай хулосага келиш мумкин.
Зотан, муҳокама учун жойлаштирилган ҳужжатда ҳокимларни лавозимига тайинлаш ва номзодини илгари суришни демократик тамойиллар асосида амалга ошириш таклиф қилинмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Маҳаллий вакиллик органлари тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси 7 боб, 58 моддадан иборат.
Қонун лойиҳасида маҳаллий вакиллик органи фаолиятининг иқтисодий асоси, унинг структураси, фаолиятининг ташкилий асослари, халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари, халқ депутатлари Кенгашининг фаолиятида қонунийликнинг кафолатлари, Кенгаш назоратини амалга оширишга оид қоидалар акс эттирилган.
Ҳокимлар ҳам сайланади
Лойиҳага кўра, қонунда ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида маҳаллий ижроия ва вакиллик органига раҳбарлик қилиш ваколати бекор қилиниб, фақат ижроия органи раҳбари бўлишига оид қоидалар белгиланмоқда.
Унга кўра:
– ҳокимликка номзодлар халқ депутатлари Кенгашларига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан сиёсий партия аъзолари орасидан таклиф этилиши;
– номзод аҳолини қийнаётган устувор муаммоларни ҳал этишга ҳамда чекланган ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ўз дастурини тақдим этиши;
– номзод халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари умумий сонининг камида 2/3 қисмидан иборат кўпчилиги ёқлаб овоз берганда маъқулланган ҳисобланиши;
– маъқулланган вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 10 кун муддат ичида кўриб чиқилиши ва лавозимга тайинланиши;
– маъқулланган туман ва шаҳар ҳокимлигига номзод вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими томонидан 10 кун муддат ичида кўриб чиқилиши ҳамда лавозимга тайинланиши таклиф этиляпти.
Кенгашда ижрога «одам» қўёлмаган партиялар курашади
Қонун лойиҳасида халқ депутатлари Кенгашлари раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш тартиблари ҳам белгиланмоқда.
Жумладан, раисликка номзодлар халқ депутатлари Кенгашига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партиядан бўлмаган ҳар бир сиёсий партия депутатлари орасидан биттадан тақдим этилиши кўзда тутиляпти.
Лойиҳа маъқулланса, раиснинг ўринбосарига номзодлар халқ депутатлари Кенгашида депутатлик ўринларини олган барча сиёсий партиянинг аъзолари бўлган депутатлари орасидан тақдим этилади.
Шунингдек, қонун лойиҳасида:
- раис ва унинг ўринбосари яширин овоз бериш ва депутатлар умумий сонининг ярмидан кўп овозини олиш орқали сайланиши;
- биринчи овоз беришда номзодлар сайланмаган тақдирда, такрорий овоз бериш тартиби белгиланмоқда.
Маҳаллий вакиллик органлари раҳбари ва мансабдор шахслари давлат органларида ҳамда бошқа ташкилотларда ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллашлари мумкин эмаслиги қайд этилмоқда.
Кенгашлар фаолияти жонланади(ми?)
Қонун лойиҳасида халқ депутатлари Кенгашларида доимий асосда ишловчи депутатлар корпусидан иборат қўмиталар ташкил этилиши таклиф этилмоқда.
Бунда халқ депутатлари Кенгашларининг қўмиталари сессия муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда қараб чиқиш ва тайёрлаш, Кенгаш қарорларини ва Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатларини рўёбга чиқариш учун кўмаклашиш мақсадида Кенгаш ваколати муддатига доимий асосда ишловчи 1 нафардан депутатлар раҳбарлик қиладиган тарзда тузилиши мумкин.
Ҳар бир халқ депутатлари Кенгашларида камида 5 тадан қўмита ташкил этилиши таклиф қилинмоқда.
Кенгаш раиси ва унинг ўринбосари Кенгашнинг қўмиталари таркибига сайланиши мумкин эмас.
Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳаси муҳокамаси 2023 йил 11 январга қадар давом этади.
Ё.Марқаев тайёрлади.