Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари депутатлар назоратида бўлади

26 февраль куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма еттинчи сессияси ўтказилди.

Сессия ишини Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарди.

Сессияда депутатлар билан бирга вилоят ҳокими А.Бобоев, туман ва шаҳарлар ҳокимлари иштирок этди ва дастлаб ҳар бир туман ва шаҳарни 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифалар тақдимот қилинди.

– Ҳар йили Президентимиз белгилаб берган вазифалар ва тегишли дастурлар асосида вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқамиз ва йил давомида уларни бажарамиз, – деди вилоят ҳокими А.Бобоев. – Албатта, бу дастурларда ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш, таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Кўп ҳолларда бу вазифалар ижроси ҳудуднинг биринчи раҳбарига боғлиқ бўлиб қолиши, бошқа мутасаддилар масъулиятини унутиб қўйиши кузатилади. Шунинг учун бу йил ҳар бир туман ва шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш учун аниқ муддат ва масъулларни белгилашга қарор қилдик. Бу дастурларнинг вилоят Кенгаши сессиясида тақдимоти ўтказилиб, депутатлар томонидан тасдиқлаб берилиши йил давомида унинг ижроси ҳам депутатлар назоратида бўлишини англатади.

Сессияда барча туман ва шаҳарлар ҳокимлари жорий йилда ўз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифалари ҳақида маълумот бердилар, тузилган дастурлар депутатларга тарқатилди.

Атрофлича муҳокамалардан сўнг ҳар бир туман, шаҳар бўйича дастурлар тасдиқланиб, уларнинг ижроси Кенгаш сессияларида муҳокама қилиб борилиши, депутатлар томонидан назорат қилиниши таъкидланди.

Шундан сўнг вилоят ҳокимининг ўринбосари - оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи З.Саидова вилоятда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.

Қайд этилишича, ўтган йил вилоятда бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улуши 30,2 фоизга етди ва 4400 дан ортиқ аёллар раҳбарлик вазифаларида ишлаб келмоқда. 19 нафар опа-сингилларимиз “Раҳбар аёллар мактаби”да малака ошириб, айни пайтда турли соҳаларда меҳнат қилмоқда. Яъни, 19 нафар хотин-қиз “Мўътабар аёл”, 165 оила “Ибратли оила” кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Эҳтиёжманд оилаларнинг 727 нафар қиз фарзандларига олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун тавсиянома берилди. 130 нафар ёрдамга муҳтож қизларнинг 2025-2026 ўқув йили учун тўлов-шартнома пули тўлаб берилди. Йил давомида 145 мингдан ортиқ хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. 20 та маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил этилди. “Аёллар дафтари”нинг олтинчи босқичи доирасида 104 минг 509 нафар хотин-қизлар ушбу дафтарга киритилиб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатилди. Тазйиқ ва зўравонликка учраган 4426 нафар аёлга ҳимоя ордерлари берилди.

– Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ишларимиз жорий йилда яна ҳам кенг кўламда давом этмоқда – деди З.Саидова. – Бу йил 20 минг 758 нафар опа-сингилларимизни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, 90 минг нафари бандлиги таъминлаш кўзда тутилган. Барча туман ва шаҳарларда “Хавфсиз оила” кенг қамровли махсус профилактик тадбирлар ўтказилади. Самарқанд шаҳрида “Оила ва хотин-қизлар маскани” қошида тадбиркор аёллар томонидан “Хотин-қизларни ривожлантириш маркази” фаолияти йўлга қўйилади. Бу орқали 200 нафар аёл касб-ҳунар курсларида амалий малака эгаллаб, қўшимча даромад манбаига эга бўлади. Бундан марказлар бошқа туман ва шаҳарларда ҳам ташкил этилади.

Кун тартибига мувофиқ, вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.Мирзаев вилоят маҳаллий бюджетининг 2025 йилдаги ижроси бўйича ҳисобот берди.

Таъкидланишича, 2025 йилда умумий даромадлар прогноз режаси 6 триллион 95 миллиард сўмни ташкил этиб, амалда 6 триллион 679 миллиард сўмга бажарилган. Ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ва амалга оширилган ишлар натижасида вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари учун 715,3 миллиард сўм қўшимча даромадлар манбаси яратилган. Ўтган йил давомида вилоят маҳаллий бюджетининг харажатлар қисми 105,3 фоизга ижро этилиб, 10 триллион 556 миллиард сўмлик харажатлар амалга оширилган.

2025 йилда фуқаролар ташаббуси жамғармасига 714,9 миллиард сўм маблағлар сарфланган. Бироқ 1-мавсум лойиҳалари бошланганига 10 ой бўлишига қарамай, Самарқанд вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ДУК томонидан 5 та лойиҳа ва “Ҳудудий  электр тармоқлари” АЖ томонидан 1 та лойиҳа якунланиб топширилиши кечикмоқда. 2-мавсумнинг жиҳозлаш бўйича лойиҳалари бошланганига 5 ой ўтган бўлса-да, мактабгача ва мактаб таълими ҳамда соғлиқни сақлаш ҳудудий бўлимлари томонидан 8 та лойиҳа бўйича жиҳозларни харид қилиш ишлари якунланмаган.

Ҳисоботда қайд этилган камчиликлар юзасидан масъуллардан изоҳ сўралди ва лойиҳаларни қисқа фурсатларда бажариш вазифаси топширилди.

Сессияда вилоятда 2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринлари яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни тасдиқлаш, вилоят маҳаллий бюджетининг 2026 йил 1 январь ҳолатига шаклланган эркин қолдиқ маблағларидан фойдаланиш, танлаб олинган “оғир” тоифадаги туманлар ва маҳаллаларни 2026 йилда комплекс ривожлантириш бўйича манзилли дастурларни тасдиқлаш тўғрисидаги ва Кенгаш ваколатига доир бошқа масалалар кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.