Ҳурмат қозониш учун ишончга муносиб бўлиш керак

Нуфузли идора раҳбарининг аҳоли билан учрашувида қатнашдик. Асосий масала муҳокама этиб бўлингач, ҳудуд аҳолиси шу кеча-кундузда дуч келиб турган муаммоли масалаларини айтиб, ёрдам сўрашди.

Раҳбар мурожаатчиларни диққат билан эшитиб, ҳар бир масала билан қизиқди ва муаммоларга ечим топиш, имкон қадар ижобий ҳал қилишни ўринбосарлари ва қўл остидаги бошқа масъулларга топширди.

 – Шу ернинг ўзида масалани бориб ўрган ва эрта кечгача менга ҳисобот берасан, – деди раҳбар ҳар бир масала юзасидан мутасаддига топшириқ бера туриб.

Қани энди ҳамма раҳбарлар ҳам аҳоли мурожаатларига шундай қараса, деган ўй ўтди хаёлимдан. Шунинг учун кўтарилган масалалар натижаси ҳақида ҳам ёзиш ниятида мурожаатчилар ва айрим масъулларнинг телефон рақамларини олдим. Орадан уч кун ўтиб, уларга бирма-бир қўнғироқ қилиб, қайд этилган муаммога қандай ечим топилгани билан қизиқдим.

Афсуски, мурожаатчиларнинг ҳеч биридан масаласи ижобий ҳал бўлганини эшитмадим. Мутасаддилар эса “ҳали ўрганяпмиз, мурожаатлар вақт талаб қилар экан”, дейишди.

– Ўша ерда менга бириктирилган раҳбар муаммо ҳақида ариза ёзиб беришимни сўради, ёздим, – деди мурожаатчилардан бири. – Кейин яна битта қоғоз чиқариб, “менга муаммо юзасидан тушунтириш берилди, бунинг учун раҳмат” деган гап ёзиб, имзо қўйишим кераклигини айтди. Ахир ҳали муаммо ҳал бўлмади-ку, десам, “Сиз ёзиб бераверинг, буни раҳбарга кўрсатамиз, барибир ишингизни мен битираман”, деди. Ноилож қўл қўйиб бердим, шундан буён ўша мутасадди телефонларимга ҳам жавоб бермайди.

Ҳафсалам пир бўлиб, ўша идорада ишлайдиган танишим билан кўришганимда бу ҳақда айтгандим, бепарво қўл силтаб қўйди.

– Бошлиғимиз яхши одам, лекин фақат қоғозга ишонади, – деди у. – Ўзи сўраб-суриштириб кўрмайди. Шундай бўлгач, ўринбосарлар ҳар бир мурожаатни шу тарзда ёпишга ҳаракат қилади. Қоғозга мурожаатчининг имзосини қўйдириб келса бўлди, масала ёпилади.

Баъзида таҳририятга келган мурожаатчилар ҳам турли идораларга берган аризалари фақат қоғоздан қоғозга ўтиб, йўқ бўлиб кетаётгани ёки идорадаги энг кичик мутахассис томонидан ўрганилиши ва у масала моҳиятини ҳам англамай, мурожаатни ёпиб юбораётганидан шикоят қилишади.

Албатта, мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва мурожаатчига жавоб бериш бўйича аниқ қонун меъёрлари, тартиб-қоидалар бор. Аммо барча идора ва ташкилотларда ҳам бу меъёрларга қоғозда амал қилинса-да, ҳаётда аксинча ҳолатни кўриш мумкин. Бу энди ўша ташкилотдаги бошқарув, раҳбарнинг мурожаатларга муносабатига боғлиқ.

Фуқаролар расмий мурожаат қилмаганда ҳам раҳбардан умид қилиб, унга ишониб бирор бир муаммони айтади, нажот кутади. Одатда, раҳбарларга ариза ва шикоятлардан кўра, ана шундай оғзаки мурожаатлар кўп бўлади. Шундай вазиятда одамлар нажот истаган масъул шу масала билан ўзи қизиқиши, зарур бўлса, юқори доираларда кўриб чиқиб, ҳал этиш чорасини кўриши мумкин-ку.

Катта ёки кичик бўлсин, бирор бир жамоа, ҳудудга раҳбарлик қилаётган шахс одамлар меҳри, ишончини қозониш учун, аввало, уларнинг дарду ташвишларини ҳис қилиши, чинакам етакчига хос фазилатларни эгаллаши лозим. Афсуски, бугун айрим раҳбарларда ана шундай фазилатлар кўринмаяпти.

 Ғолиб Ҳасанов.