Ҳушёрхоналардаги камчиликлар бўйича вазирликка тақдимнома киритилди
Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг вилоятдаги минтақавий вакили маълум қилган.
Унга кўра, мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича айрим туманлараро пунктларининг хоналари таъмирга муҳтож. Ҳожатхона ва ювиниш хоналарида зарур шароитлар яратилмаган.
Ушбу пунткларнинг айримларида муддати ўтган дорилар ҳам сақланган.
Аниқланган салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдимнома киритилган.
Тақдимнома ижроси бўйича Ургут туманлараро пунктида видеокузатув камералари ўрнатилиб, ишга туширилган. Пайариқ ва Пахтачи туманларидаги пунктида 10 та койкали жой ташкил этилган. Пахтачи туманлараро пунктида таъмирлаш ва муассаса ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Каттақўрғон пунктининг ҳожатхона ва ювиниш хоналарида беморлар учун шароит яратилиб, сув таъминоти йўлга қўйилган.
Шунингдек, Тойлоқ, Пайариқ туманлари ва Каттақўрғон шаҳри туманлараро пунктларидаги муддати ўтган дори воситалари йўқ қилиниб, ўз ишига совуққонлик билан қараган 3 нафар масъул ходимга нисбатан “Ҳайфсан” интизомий таъсир чоралари қўлланилган.