Ибратли воқеа: Кийим нархи минг дирҳам, шармандалик икки ҳисса қиммат
Башанг кийиниб олган киши бозорда айланиб юриб, ёғ сотадиган аёлга дуч келди.
- Эй сен, нима сотяпсан? - деди.
- Ёғ сотяпман, жаноб, - деди аёл.
- Кўрсатгинчи! – деди ҳалиги киши.
Аёл бошидаги ёғ идишини тушираётганида у кишининг чиройли кийимининг устида бир неча томчи сачради. Ғазаби келиб: “Эй аёл, ақлинг жойидами? Либосимни расво қилдинг! Пулини тўламагунингча, жойимдан жилмайман!” деди.
- Кечиринг, жаноб, - деди сотувчи. - Бехосдан бўлди. Мен бир мискин аёлман. Қандай тўлайман?
- Бу мени қизиқтирмайди, тўламагунингча кетмайман!
- Қанча туради, кийимингиз?
- Минг дирҳам!
- Шунча пул менда нима қилсин?
- Буёғи билан ишим йўқ! Тўлайсан, вассалом!
- Раҳмингиз келсин, жаноб. Мени шарманда қилманг!
У киши аёлга дағдаға, жанжал қилаётганини эшитиб бир йигит келди. Аёлдан сўради. У воқеани айтиб берди.
- Мен бераман, ўша маблағни! - деди ва минг дирҳам берди. Киши битталаб санаб олиб, кетишга шайланганди.
- Кўнглингиз жойига тушдими, - дея сўради йигит ундан.
- Нима демоқчисан? – яна қўпол гапирди башанг кийинган киши.
- Кийимнинг пулини олдингизми, деяпман, - деди йигит.
- Ҳа!
- Кийим қани?
- Нима?
- Сизга кийимларингизнинг пулини бердик. Эгнингиздагини эса сотиб олдик. Бизга беринг, энди!
- Яланғоч кетаманми?
- У ёғи билан ишим йўқ.
- Кийимни бермасамчи?
- Унда пулини беринг!
- Минг дирҳам-а?
- Сизга берган нархни сўрамаяпмиз!
- Минг дирҳам, бердинг-ку?
- Уни икки минг дирҳамга сотамиз.
- Жуда кўп-ку.
- Қимматлик қилса, марҳамат, хоҳишингиз. Кийимни беринг!
- Мени шарманда қилмоқчимисан?
- Бироз олдин сиз ҳам бу аёлни шарманда қилмоқчи эдингиз-ку.
- Бу - зулм, - деди башанг кийинган киши.
- Зулм ҳақида сиз гапиряпсизми?! – деди йигит.
Кибрли киши хижолат бўлиб, бошини эгди. Пулни йигитга қайтариб, аёлни кечирди.
Йигит у пулларни аёлга ҳадя қилди.
Воқеа гувоҳлари йигитни дуо қилишди.