ИИВ Қўриқлаш бош бошқармаси Миллий гвардияга ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш хизмати тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар берилди.
Қарорда белгиланишича, Ички ишлар вазирлигининг Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Миллий гвардияга ўтказилган.
Низомга мувофиқ, қўриқлаш хизматининг асосий вазифаси шартнома асосида давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкларини қўриқлашни таъминлаш ҳисобланади.
Қўриқлаш хизмати учун нарх Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар учун Молия вазирлиги билан келишиб, бошқа ташкилотлар учун Миллий гвардия қўмондони томонидан мустақил белгиланади.
Низом билан Қўриқлаш хизматининг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари, нарядларнинг фаолиятини ташкил этиш, ходимларнинг жавобгарлиги белгилаб берилди.
Хусусан, Қўриқлаш хизмати ходими давлат органи вакили ҳисобланади ва давлат ҳимояси остида бўлади.
Қўриқлаш хизмати ходими хизмат вазифасини бажаришда фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиғига (командирига) ва масъул навбатчига бўйсунади.