ИИВ Самарқанд шаҳрида трамвайда содир бўлган ҳодиса юзасидан расмий маълумот берди

2019 йилнинг 5 июль куни ижтимоий тармоқларда “Самарқандда ниқобли шахс трамвайдагиларнинг юзига суюқлик сепиб қочди” номи билан тарқатилган видео Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.

Аниқланишича, ушбу ҳолат шу йилнинг 4 июль куни Самарқанд шаҳрида “Темирйўл вокзали - Сартепа” йўналишидаги 1-трамвай “Чой қадоқлаш фабрикаси” бекатида тўхтаб турган вақтида содир этилган.

Ҳолат юзасидан сўралган трамвай ҳайдовчилари ва трамвай паттачиси шу куни трамвай бекатда тўхтаганида, юзига тиббиёт ниқоби таққан шахс кириб, трамвайдаги йўловчиларга суюқлик сепиб қочганлигини, шунда йўловчилар трамвайдан югуриб чиққанлигини, салонни кўришганда 4 нафар йигит хушларини йўқотиб, ўзларини трамвай салони полига ташлаганликларини, шунда ёрдам бериш мақсадида йигитларнинг олдига борганларида, улар бирданига ўрниларидан туриб, югуриб қочиб кетганликларини маълум қилишган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида, трамвай ичидаги йўловчиларнинг юзига номаълум суюқлик (аэрозоль) сепган ҳолда, йўловчиларнинг ҳушидан кетишини “саҳналаштириш” ҳолати Самарқанд шаҳрида яшовчи ўзаро таниш бўлган 8 нафар вояга етмаган шахслар (5 нафари ўғил бола, 3 нафари қиз бола) томонидан ташкил этилганлиги ва улар ўртасида ушбу “саҳна”даги роллар ўзаро тақсимланганлиги аниқланди.

Ушбу гуруҳдаги бир қиз “пранк” видеони тасвирга олганлиги ва уни ижтимоий тармоқларга тарқатганлиги сабабли, унга тегишли “Iphon-6S” русумли телефон аппарати текшириб кўришлик учун тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Ҳозирги кунда саҳналаштирилган “пранк” видеоси ташкилотчиси ва барча иштирокчиларининг шахси аниқланиб, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.